2023 йил ноябрь ойида рақамли видеосервисларда “Йигит сўзи. Асфальтдаги қон” криминал драма премьераси бўлиб ўтди. Сериал 2023 йилнинг энг кутилган ва шов-шувли воқеасига айланди. Қуйида сериалнинг ютуғи нимада эканлиги ва унинг атрофидаги жанжаллар ҳақида маълумот берамиз.
Китоб асосида ишланган сериал
2020 йилда журналист Роберт Гареевнинг “Йигит сўзи. 1970—2010 йиллардаги криминал Татаристон” китоби нашр этилди. Светлана Стивенсоннинг бир неча йил олдин нашр этилган “Тушунчалар бўйича ҳаёт. Россиянинг кўча тўдалари” китобидан фарқли ўлароқ Гареевнинг иши академик тадқиқот эмас, балки ўша даврнинг ҳужжатли далилидир.
Китоб иштирокчилар ва гувоҳларнинг хотираларидан иборат. 70 йилларнинг охирларида Татаристон АССР пойтахтида ўсмирларнинг илк тўдалари пайдо бўлади. Улар кўпайиб, кенгайиб ҳудуд учун курашади. Аввалги пионерлардан ташкил топган бу гуруҳлар пойтахт ва бошқа йирик шаҳарлар учун даҳшатли тушга айланиб, “босқин” уюштирган. “Кўча болалари” маданияти, уларнинг тамойиллари ва тушунчалари бошқа минтақаларга тарқалади ва тез орада “йигит сўзи” жумласи бутун мамлакат бўйлаб янграйди.
Китоб ҳам муаллифнинг ўзи каби қаттиқ танқидга учрайди. Дунё дўст-душманга бўлинган, одамлар бошқа ҳудудларга киришдан қўрқиб, ҳар бир ўсмир хавф туғдириши мумкин бўлган ўша оғир дамларни эслаш кўпчилик учун ҳамон аламлидир.
Реал воқеаларга асосланган
Роберт Гареевнинг ўзи 1990 йилларда уюшган жиноий гуруҳ аъзоси бўлган. У ўзини сериалининг бош қаҳрамони “палто” лақабли Андрей (Леон Кемстач ўйнаган) прототипи деб билади. Яхши оиладан чиққан аълочи талаба ўзини “кўча болалари” қаторига қўйишга қарор қилади. У ҳам муштлашувлар, қирғинлар ва тадбиркорларга уюштирилган ҳужумларда қатнашган. Гареевнинг таъкидлашича, у жиноий тўдани катта йўқотишларсиз тарк этишга муваффақ бўлган — унга омад кулиб боқади. Кейинчалик у бошқа ҳудудга кўчиб ўтади, университетга киради, секин-аста шаҳарни ва дўстлар доирасини ўзгартиради.
“1991 йилда мени қувғин қилишди — гуруҳдан чиқариб юборишди. Мен бошқа ҳудудга кўчиб ўтдим, университетга ўқишга кирдим — қизиқарли воқеалар ва одамларга тўла бошқа ҳаётни бошладим. 2001 йилда, 25 ёшимда Москвага кўчиб ўтдим. Ўшандан бери мусиқа ва клуб бошқарувчиси, дижей ва яҳудийлар музейида экскурсиячи бўлиб ишладим, яъни кўчадан узоқда бўлган ишлар билан шуғулландим, — дейди Гареев “Бу китобни қандай ёзганман” бўлимида.
Лекин у кўча ўзининг ўйин қоидаларини қабул қилишга мажбур қилгани ҳақидаги ҳикояни унутолмади. Гареев ижтимоий тармоқда “Қозон феномени” гуруҳини очади, унда ўша воқеалар гувоҳлари ва иштирокчилари ўз хотиралари билан ўртоқлашади. Шундан кейин у ҳодисанинг ўзини текширишга қарор қилади ва балоғатга етмаган гангстерларнинг ишларини текширган полиция ходимлари, уларни ҳимоя қилган адвокатлар ва ушбу воқеаларнинг бевосита иштирокчилари билан суҳбатлашади.
“Шахсан ўзим ҳимояланиш учун гуруҳга қўшилганман. Аммо бошқа ҳудудга кўчиб ўтганимда ва шаҳарда мусиқа ҳақида гаплашишингиз мумкин бўлган бошқа субмаданиятлар ва одамлар борлигини билганимда мана шулар билан қолишни хоҳладим. Китобимда ёшларнинг қандай қилиб гуруҳ аъзоси бўлиши ҳақида сўзлаб беришга ҳаракат қилганман. Бошқалар ҳам ҳудудида шундай гуруҳларнинг турли йўллар билан пайдо бўлганини яхши эслайди ва бу ҳақда кўп гапиради”, — дея китоб яратиш босқичидаги режалари билан ўртоқлашади Гареев.
Бу бадиий тўқима эмас, оғриқли ҳақиқат эди. Асар эълон қилингандан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига саволлар келиб тушади, китоб мазмуни прокуратура томонидан текширилади. Лекин Россияда тақиқланган (Россия Федерациясида экстремистик ташкилот сифатида тан олинган) АУЭ ҳаракатининг ташвиқоти топилмайди. Ҳуқуқ-тартибот ходимларидан кейин режиссёрлар ҳам китобга қизиқиш билдиради.
Сценарий муаллифлари томонидан фильмга мослаштирилган версия
Гареевнинг сўзларига кўра, айнан “Горько”, “Энг яхши кун”, “Арча байрами” каби хитлари билан танилган режиссёр Жора Крижовников (ҳақиқий исми Андрей Першин) китобга қизиқиш билдирган ва уни сериалга мослаштиришни таклиф қилган. Сценарий ҳаммуаллифи Андрей Золотарев (“Муз”, “Триггер”, “Шарпа”) билан биргаликда китоб асосида сюжет яратади, қаҳрамонлар ва персонажларни танлайдилар. Ҳамма учун роль бор эди: болалар ва ота-оналар, катталар ва кичиклар, дўстлар ва бегоналар. Икки бош қаҳрамоннинг образи ҳам шундай пайдо бўлади: “палто” лақабли Андрей ва Қозон авторитетларидан бирининг укаси Марат.
Фильмда бош қаҳрамонларнинг оилалари – 14 ёшли ўғил болалар, уларнинг дўстлари ва улар яшаётган умидсиз ҳақиқат ҳам ўз аксини топган. “Массовка”ларда юзлаб одамлар роль ўйнаган. Томошабинларни ўша давр муҳитига олиб кириш учун саҳналар батафсил ўйлаб чиқилган.
“Бу нотўғри танлов қилган одамнинг аста-секин жаҳаннамга тушиши ҳақидаги ҳикоя”
Фильм натурализм ва муштлашув саҳналарига тўла. Тегишли эстетика ранг ёрдамида қурилган — ҳеч қандай ёрқин нарса йўқ, фақат мавжудликнинг хиралиги. Крижовников ўша давр хотираларини жонлантириб, сценарий ёзиш ва суратга олишга ҳозирлик кўраётганини айтади. У ўша йиллардаги дастурлар ва фильмларни кўздан кечиради, газета ва журналларни қайта ўқийди. Шундай қилиб, режиссёр томошабинни у ерга олиб бориш учун ўтган давр билан яхшироқ танишади.
Суратга олиш жойи — Ярославль
Дастлаб улар Қозонда — ўша воқеалар содир бўлган жойда суратга олмоқчи бўлишди. Аммо республика раҳбарияти ва жамоатчилик бундан хабардор бўлиши биланоқ Татаристон пойтахтида суратга олиш тақиқланди. Лойиҳа жамоаси тайёргарлик босқичида ҳам қийинчиликларга дуч келди. Ўшанда ҳам сериал ёшларнинг уюшган жиноий гуруҳлари қиёфасини романтизация қилиниши ва ўсмирларни бундай “маданият” илҳомлантиради, деган хавотирлар кўп эди.
2022 йилнинг ноябридан 2023 йилнинг февралигача режалаштирилган суратга олиш ишлари зудлик билан бошқа шаҳарга кўчирилиши керак эди. Бир неча сабабларга кўра Ярославль танланди. Биринчидан, у пойтахтга яқин, бу бош роль ижрочилари учун ҳам қулай эди. Иккинчидан, Ярославль Қозон сингари Волга бўйида жойлашган. Учинчидан, бу ерда 80 йиллар атмосферасини берадиган кўплаб жойлар мавжуд эди. Суратга олиш ишлари март ойида бошланади.
Ярославль оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, фильм воқеалари Пятерки, Резинотехника ва Брагина, шунингдек, Фрунзенский туманидаги саноат зонаси ва Волжская қирғоғида суратга олинган. Ленин туманидаги турар жой биносининг ҳовлисидан ҳам бир нечта саҳналарда фойдаланилган. Маҳаллий аҳоли ҳозирданоқ сериал суратга олинган жойларга келган сайёҳлар оқимидан шикоят қилмоқда.
Брагин шаҳридаги Громова кўчасидаги уй ҳовлисида ароққа турнақатор навбат суратга олинган. Аммо аксарият жойларни топиш мушкул – суратга олиш гуруҳи замонавийлик белгиларини ё будкалар, хоҳ панжаралар билан яшириш учун бор кучини сарфлайди.
Шунга қарамай, томошабинлар фильмдаги кўплаб хатоларни ҳам пайқаган: кадрга тушиб қолган пластик деразалар, замонавий белгилар, янги бинолар. Аммо бу фильмларнинг жойлашуви билан боғлиқ муаммо, кинотанқидчиларнинг таъкидлашича: декорация қуриш қиммат ва машаққатли иш.
Юлдузлар ва ҳаваскорлар орасида кастинг
Сериалда юлдузли таркибни рус киносининг энг талабгир актёрлари — Иван Янковский, Юлия Александрова, Сергей Бурунов ташкил қилди. Ўсмирлар ролларини кинога илк қадам ташлаётган ёшлар ижро этди. “Палто” ролини режиссёр ва Real Boys юлдузи Антон Богдановнинг ўгай ўғли Леон Кемстач ўйнади. Йигит атиги 15 ёшда, лекин у аллақачон Богдановнинг “Фақат мен соғман” фильмида ўйнаган.
Актёр ўгай отаси маслаҳатлари билан унга кўп ёрдам берганини айтади. Партнёрлари ҳам бегона эмасди, масалан, Иван Янковский билан оилавий дўст бўлиб, у ҳам Леонни қўллаб-қувватлайди.
Марат ролини Рузил Минекаев ижро этган. Дастлаб 24 ёшли актёр “Вова Aдидас” (Иван Янковский), кейин “палто” роли учун кастингдан ўтади. Шундан кейингина кастинг директори уни Марат ролига кўриб чиқишни таклиф қилади. Рузил ўсмир шерикларидан фарқли ўлароқ, актёрлик маълумотига эга — у Қозон театр мактабини тамомлаган. Ҳозир у GITISнинг режиссёрлик бўлимида таҳсил олмоқда. Минекаев актриса билан оила қурган, жуфтликнинг ўғли бор.
Сериалдаги асосий ўсмир қиз ролини режиссёр Алексей Учитель ва актриса Юлия Пересилднинг қизи ижро этган. Мазкур роль 14 ёшли Аннанинг кинодаги дебюти эмас. У 2018 йилда “Қоралама”, 2020 йилда “Биринчи қор”, 2022 йилда эса “Тибра” фильмларида роль ўйнаган. Унинг “Йигит сўзи” фильмидаги қаҳрамони мактаб ўқувчиси Айгул бўлиб, у жинсий зўравонликка учрайди. Даҳшатли саҳналарнинг кўплиги туфайли Аннанинг отаси дастлаб суратга олишга қарши эди. Аммо кейинроқ ҳаммасини муҳокама қилиб, лойиҳа ёш актриса учун яхши тажриба бўлади, деган хулосага келади.
Барча рейтингларни бузган сериал
Ҳатто суратга олиш босқичидаёқ фильм 2023 йилнинг энг кутилган телесериалига айланди. Биринчи эпизодлар аллақачон рақамли платформаларда чиққан, NTV телеканали эса 2024 йилда саккиз эпизодли драмани телевизорда кўрсатишни ваъда қилмоқда. Netflix фильмнинг адаптация ҳуқуқларини сотиб олишни режалаштираётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди, ҳақиқатдан шундайми ёки йўқ, ҳозирча номаълум. Аммо Россияда “Йигит сўзи. Асфалтдаги қон” сериали Кореянинг “Кальмар ўйини” лойиҳасидан ўзиб кетди. Маҳаллий драма “Кинопоиск” рейтингида энг яхши 100 таликка кирди.
Лойиҳанинг машҳурлигини далилларга асосланганлиги ва юлдузли жамоа билан изоҳлаш мумкин. Лойиҳага Фёдор Бондарчук продюсерлик қилган. Фильм Тооmuch Production кинокомпанияси томонидан NMG Studio билан биргаликда Интернетни ривожлантириш институти кўмагида ишлаб чиқарилган. Премьера 2023 йил 9 ноябрда онлайн кинотеатрларда бўлиб ўтади ва дарҳол танқидга учрайди.
“Тўғрисини айтсам, ҳар доим хейтерлар позициясидан ҳайратда қолганман. Умуман олганда, улар бизнинг машҳурлигимиз учун ишлайди. Қанчалик кўп мунозаралар ва баҳслар бўлса, фильмни кўришга ва сериал ҳақида ўз фикрини шакллантиришга қарор қилиш эҳтимоли шунчалик юқори бўлади. Шунинг учун ҳар қандай хейтер биз учун ишлайди”, — дейди Крижовников.
Кейинчалик маълум бўлишича, сериал якуни қайта суратга олинади. Суратга олиш ишлари 2023 йил декабрь ойида бошланган. Премьерадан кейин ёшлар сериал қаҳрамонларига тақлид қила бошлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Мактаб ўқувчилари том маънода “ўз ҳудудларини бўлиб олишни” бошлайди. Иркуцк вилоятидаги ўсмир йигитга нисбатан бўлган қонли муштлашув оловга мой қуйди. Айрим оммавий ахборот воситалари ўсмирнинг ўлдирилишини сериал билан боғлади. Лойиҳа жамоаси эса сериал 80 йилларда содир бўлган воқеаларни романтизация қилмаслигини, аксинча, уларнинг бефойдалигини кўрсатмоқчи бўлганини таъкидлайди.
“Ўсмирларга сериални кўришни маслаҳат бермаган бўлардим, чунки у 18+ ва кейинги бўлимдан бошлаб у мураккаблашади, уларга бундай воқеаларни томоша қилиш учун жуда эрта. 1989 йилдаги ўсмирлардан фарқли ўлароқ, 2023 йилда ўсмирлар учун мусиқа, реп, блоглар, санъат, қўшиқ айтиш, расм чизиш, спорт ўйинлари каби жуда кўп қизиқарли машғулотлар бор. Ўзингизни банд қилиш учун бирор нарса топиш осонроқ. Илтимос, яхшилик қилинг, яхши ишлар қилинг”, — дейди китоб муаллифи ва сериал бўйича маслаҳатчи Роберт Гареев.
Бироқ Андрей Золотарев ва Жора Крижовников сериални давом эттириш кераклигини таъкидлаб, лойиҳани “Чўқинтирган ота” култ фильми билан таққослади.
Сериални нафақат Россияда, балки постсовет мамлакатларида ҳам томоша қилишмоқда. Лойиҳа жуда кўп шов-шувларга сабаб бўлди ва унинг тақиқланиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар туфайли томошабинларнинг унга бўлган қизиқиши тобора ортиб бормоқда.
Изоҳ (0)