Шуҳрат Дўсбеков Тошкент вилоятининг Бекобод туманига ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, у 28 декабрь куни Халқ депутатлари Бекобод тумани кенгаши қарори билан туман ҳокими этиб тайинланди.
Шуҳрат Дўсбеков 1980 йил Тошкент вилояти Пискент туманида туғилган. 2008 йил Тошкент давлат аграр университетини тамомлаган. Фаолияти давомида Тошкент вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи, Бекобод тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Тайинловга қадар Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Тошкент вилояти кенгаши раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.
Туманга 2023 йил августидан бери ҳокимлик қилиб келган Шуҳрат Мирзаев коррупцияга қарши курашиш тадбири доирасида бюджет пулларини ўзлаштирганликда айбланиб, 15 декабрь куни қўлга олинганди.
У ҳоким этиб тайинлангунга қадар “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банкининг Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи департаменти бошлиғи ўринбосари вазифасида ишлаб келган. “Дарё” манбасига кўра, Мирзаевнинг қўлга олиниши айнан банкдаги фаолиятига бориб тақалади.
Изоҳ (0)