Украина молия вазири Сергей Марченконинг айтишича, 2023 йилда мамлакат халқаро ёрдам сифатида 42 миллиард доллардан ортиқ маблағ олган.
Марченконинг сўзларига кўра, 42 миллиарднинг барчаси бюджет эҳтиёжлари ва ички бозордаги рекорд миқдордаги қарзни қоплашга кетган. Унинг таъкидлашича, бу барча зарур харажатларни, биринчи навбатда, ҳарбий харажатларни молиялаштириш имконини берди.
Марченко даромад бўйича режалар бажарилишига умид билдирди, аммо божхона даромадлари бўйича режани бажариш эҳтимоли камлигини ҳам таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, Украина Халқаро валюта фондининг (ХВФ) кенгайтирилган молиялаштириш дастури ва Европа Иттифоқининг макромолиявий ёрдами бўйича ўз мажбуриятларини бажарган.
Шу билан бирга, вазир Украина ташқи ҳамкорларга қарамликни камайтириш чораларини кўриши кераклигини айтди.
Аввалроқ Марченко Украинанинг 2024 йил учун халқаро молиялаштиришга бўлган эҳтиёжи давлат бюджетининг даромадларини максимал даражада ошириш, ички қарз олиш бозорини фаоллаштириш ва барча бюджет харажатларини қисқартириш бўйича чора-тадбирлар туфайли 41 миллиарддан 37,3 миллиардга қисқартирилганини маълум қилганди.
2022 йилда Украина ташқи молиялаштириш учун 32,1 миллиард доллар жалб қилганди.
Изоҳ (0)