Франциянинг баъзи шаҳарларида такси ҳайдовчилари ҳукуматнинг бир вақтнинг ўзида шифокор олдига кетаётган бир нечта беморларни ташиш ҳақидаги янги талабига қарши намойишлар уюштирмоқда. Бу ҳақда РМC радиоси хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳайдовчилар Марсель, Тулуза, Лилль, Баённа, Лион, Бордо ва бошқа шаҳарлардаги шаҳарлараро автомагистралларда йўлларни тўсиб, ҳаракатга халал беришни режалаштирмоқда.
Марселда норозилик билдирган 700 нафар ҳайдовчи акцияга қўшилиб, префектура ва маҳаллий ижтимоий суғурта идораси йўналишида кичик тезликда ҳаракатланишди.
Эътирозга сабаб “Ижтимоий бюджетни молиялаштириш тўғрисида”ги янги қонуннинг 30-моддаси бўлиб, унга кўра, шифокорга такси йўлкира нархининг бир қисмини суғурта орқали қопламоқчи бўлган беморлар шахсий интернет платформалари орқали автомашина брон қилишлари керак бўлади. Улар ўзларига қулай бўлган таксопаркни танлаб, шифокор олдига кетаёган бошқа беморлар билан биргаликда етиб олишга розиликни англатувчи тугмани босишлари керак бўлади.
Бундай ҳолда, агар бемор бошқа бемор билан бир машинада кетишдан бош торца, унга йўл ҳақининг камроқ қисми қоплаб берилади (агар нариги беморда юқумли касалликка чалинганини билдирувчи шифокорнинг тегишли хулосаси бўлса, биринчи бемор у билан бир машинада кетишни рад этиши мумкин).
Ҳозирда давлат суғуртаси шифокорга таксида боришнинг 55 фоизини қоплайди.
Ушбу чоранинг мақсади, қонун лойиҳасидан келиб чиққан ҳолда, “бир неча беморларни битта машинада шифокор олдига боришини рағбатлантириш” орқали бюджет харажатларини камайтиришдир.
Ҳукумат маълумотларига кўра, 2022 йилда бир неча беморларни битта автомашиналарда ташиш транспорт харажатларини 34 миллион еврога тежаган. Бироқ, бундай ҳолатлар умумий миқдорнинг атиги 15 фоизини ташкил этди, шунинг учун расмийлар бу амалиётни кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Изоҳ (0)