Яқин Шарқ минтақасида Исроил—Фаластин урушининг бошланиши бутун жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ўзига қаратди. Натижада асосий геосиёсий кураш ҳисобланган Россия—Украина уруши иккинчи даражага тушиб қолди. Хўш, Украинадаги вазият қандай? Нима учун Ғарб Украинага аввалгидек катта ҳарбий-молиявий ёрдам кўрсатмаяпти? Россия ва Украина ўртасида кечаётган қонли уруш қандай якунланади?
“Дарё” ушбу мавзуда сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Ойбек Сирожов билан суҳбатлашди.
– Ҳозирда фронтдаги аҳвол қай ҳолатда?
Фарҳод Толипов, сиёсатшунос:
– Ҳазил қилиб бошласам, саволингиздан худди кечагина Украинадаги фронт чизиқларига бориб келиб, ўз таассуротлари билан бўлишаётган мутахассисга ўхшаб қолдик. Албатта, бу жуда мураккаб савол. Ҳатто россиялик ва украиналик ҳарбий экспертларнинг ўзлари ҳам баъзи вақтларда фронтдаги аҳвол қандай эканлигини тушуна олмай қолишмоқда. Ростдан ҳам фронтдаги вазият чигаллашиб кетди.
Суҳбатга кириш қисмида, Украина уруши халқаро ҳамжамият эътиборида иккинчи даражага тушиб қолганини айтдингиз. Менимча, бу уруш халқаро ҳамжамиятнинг эътиборидан тушиб қолгани йўқ. Худо кўрсатмасин-у, Фаластин урушига ўхшаш 2 та уруш бўлса ҳам, халқаро ҳамжамият Украинадаги урушни иккинчи даражали уруш деб кўрмайди. Чунки бу бевосита Европанинг тақдири билан боғлиқ! Сабаби Европа Иттифоқининг 28 та давлати ушбу урушни фақатгина Россия ва Украина ўртасида кечаётган уруш сифатида кўрмаяпти. Улар Украина уруши бевосита Европанинг келажаги ва хавфсизлигига боғлиқ эканлигини англаб, доим шу нуқтаи назар билан қарашади. Менимча, халқаро саҳнада Украинадаги уруш иккинчи ўринда эмас, балки ҳанузгача биринчи ўринда. Тўғри, ҳеч қандай урушни биринчи ёки иккинчи ўринга қўйиб бўлмайди.
Ҳозир Россия ва Украина ўртасидаги урушда томонлар бир оз сустлашиб қолди. Лекин қандай бўлмасин, бу уруш ҳали давом этади. Яқинда Украина президенти шундай баёнот берди:
“Ёздаги қарши ҳужумда муваффақиятга эришмаган бўлсак-да, лекин биз чекинмаяпмиз. Биз дунёда иккинчи рақамли ҳисобланган Россияни ушлаб турибмиз. Қишда урушнинг янги босқичлари бошланади”.
Бу сўзлардан ҳам билсак бўладики, ҳозир урушда муросага келиш масаласида ҳеч қандай аломатлар йўқ. Ва назаримда, уруш ҳали давом этади.
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Бир сўз билан айтганда, Украина уруши ўта бир чигал ҳолатга келиб қолди. Бунинг бир қанча сабаблари мавжуд. Биринчидан – Россия Украинани 3 кунда босиб олади, деган тахминлар ўзини оқламади. Албатта, бу Украина халқининг катта муваффақияти. Шу билан бирга, Ғарб ўзининг бор имкониятларидан фойдаланиб, Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдам берди. Украинанинг ёзда амалга оширган қарши ҳужуми натижасида, Россия томонидан босиб олинган катта ҳудудлар қайтариб олиниши керак эди. Бироқ бундай бўлмади. Бу нарса Украинанинг расмий доиралари ва Ғарб томонидан эътироф этилмоқда. Яъни ҳар икки томон ҳам ҳужум қилиб кўзланган натижага эриша олмади ва фақатгина қарши ҳужумда маълум бир муваффақиятларга эришди. Менинг назаримда, урушнинг тақдири фронтда ҳал бўлмайди. Бу нарса бошқа бир омиллар билан чамбарчас боғлиқ.
Энди Ғазо секторида кечаётган урушни Россия—Украина урушига таъсири тўғрисида тўхталсак. Фаластин—Исроил уруши Украинадаги урушга жиддий таъсир қилди. Чунки Украинани қўллаб-қувватлаётган Ғарб, бир вақтнинг ўзида Исроилни ҳам қўллаши муҳим эди. Сабаби Исроилнинг атрофида 22 та мусулмон мамлакатлари жойлашган. Ғарб бу давлатларни тийиб туриш учун ўз ҳарбий кучларини Яқин Шарқ минтақасига жалб қилди. Бошқа томондан, халқаро ҳамжамият ҳам Украинадаги урушдан анча чарчади. Бугун урушнинг ечими ҳақида бош қотириш зарур. Бироқ, афсуски, урушнинг ечимлари тўғрисида ҳеч ким ўйламаяпти.
– Нега Украинага Ғарб томонидан берилаётган ёрдам миқдори камайди? АҚШ ва Европа Украинага ишонмай қўйдими?
Фарҳод Толипов, сиёсатшунос:
– Йўқ, Ғарб Украинага ишонмай қўйди, дейиш бир оз нотўғри. Сабаби қурол-яроғ таъминоти жуда мураккаб масала. Мисол учун, танк ва ҲИМАРСларнинг келиши узоқ вақтни талаб қилди. Украина буни узоқ кутди. Ҳозирги вақтда ҳарбий ёрдамнинг кечикаётгани балки процессуал масалалар билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.
Украина ёзда амалга оширган қарши ҳужум унчалик самарали бўлмагач, АҚШ Конгрессида буёғига Украинага ёрдамни ўйлаб беришимиз керак, деган қарашлар юзага келди. Лекин баёнотларга эътибор берсак, Украинага берилаётган ёрдамни қисқартириш ҳақида гап-сўзлар йўқ. Ғарб Украинага охиргача ёрдам беришни таъкидлаб келмоқда. Куни кеча НАТО бош котиби шу фикрни билдирди. Бундан ташқари, Украинани тезкор равишда НАТОга қўшиш масаласи кўтарилмоқда. Ғарб Украинани НАТОнинг бўлажак аъзоси сифатида кўрмоқда. Менимча, шу нуқтаи назардан Украинга ёрдам бериш масаласи тўхтаб қолмайди. Тўғри, балки Ғарб иккинчи босқичда бир оз ёрдам масаласида бошқачароқ сиёсат юритаётган бўлиши мумкин. Қолаверса, қиш келди. Қишда олиб бориладиган жанглар анча мураккаб. Шунинг учун буни ҳам ўйлаш керак.
– Фарҳод ака, агар Украина НАТОга аъзо бўлса, бу конфликт катталашиб кетмайдими?
Фарҳод Толипов, сиёсатшунос:
– Қандай қилиб? Масалан, Украинага НАТОга аъзо бўлса, альянснинг 5-моддасига кўра НАТО қўшинлари жангларда иштирок этиши керак бўлади. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг “биз фақатгина шу йўл билангина Путинни тўхтатишимиз мумкин” деб баёнот берди. Яъни НАТОга аъзо давлатларда шундай қараш мавжуд. Уларда Россия урушда ғалаба қозонса, Европага бўлган таҳдидлар кучайиб кетади, деган фикр бор. Шунинг учун улар Россияни Украинада тўхтатмоқчи. Хўш, қачон бу конфликт йириклашиб кетади? Украина мағлуб бўлсами ёки НАТО урушга кирсами?
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Дарҳақиқат, Ғарбнинг Украинага бераётган ҳарбий ёрдами бир оз камайди. Менинг назаримда, ёрдамнинг бир оз камайганининг 2 та муҳим жиҳати бор.
Биринчидан, бутун дунёда ҳарбий қуроллар чегараланган. Ҳарбий қуроллар ишлатилганидан кейин унинг ўрнини тўлдириш зарур. Бунинг учун саноатни ҳарбий соҳага ўтказиш керак. Бугун Ғарб ўз саноатини ҳарбий соҳага ўтказишда айрим муаммоларга дуч келмоқда. Саноатни ҳарбий соҳага йўналтириш натижасида жамиятда ижтимоий муаммолар юзага чиқа бошлайди. Уруш ҳолатида бундай масалалар жуда кўп бўлади. Мана шу нарсага Ғарб қанчалик тайёр!? Иккинчидан, Россия—Украина уруши натижасида мавжуд дунё тартиботи парчаланди. Шундан сўнг маълум бир хавотирлар пайдо бўлди ва ҳар бир давлат ўзини ҳимоя қилиш ҳақида бош қотира бошлади. Ўзини ҳимоя қилишнинг энг яхши йўли — замонавий қурол аслаҳаларга эга бўлиш. Замонавий қурол фақатгина уришиш учун эмас, балки Россияга ўхшаган кучларни тийиб туриш учун ҳам керак.
– Фарҳод ака, Украинанинг НАТОга қўшилиши жуда катта жумбоқ. Чунки эътибор берсангиз, уруш бошланганида катта бир шов-шувга сабаб бўлган воқеа юз берди. Бу Польша ҳудудига Россия томонидан отилган ракетанинг келиб тушгани. Шунда АҚШ ва НАТО бу Россия томонидан отилган ракета эмаслигини таъкидлади. Аслида шу ҳолатда НАТО Россияга қарши уруш қилиши мумкин эди. Сабаби Польша НАТО аъзоси ҳисобланади. Лекин ундай бўлмади. Чунки бугун глобал масштабда уруш қилиш НАТО учун ҳам, Европа учун ҳам керак эмас. Шу нуқтаи назардан, Украинани НАТО қўшиб олиши мен учун кутилмаган ҳолат.
Шунингдек, буёқда Европа Иттифоқи ҳам бор. Украинани Европа иттифоқига қўшиш масаласи ҳали ҳам сўроқ остида. Тўғри, бунга хайрихоҳ бўлган мамлакатлар бор. Лекин аниқ амалий натижалар кўринмаяпти. Буни Украина ҳукумати ҳам бир неча бор қайд этди. Яъни бу ерда жуда чигал масалалар кўп.
Мен юқорида уруш фронтда ҳал бўлмаслигини айтдим. Нима учун? Бугун урушнинг ўзига хос жиҳати шундан иборатки, можаро оддий ҳарбий операция даражасидан ҳаёт-мамот масаласига кўтарилди. Уруш Россия учун ҳам, Украина учун ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланди. Ким енгилишидан қатъий назар, бунинг оқибатлари ўта жиддий бўлади. Менинг назаримда, урушнинг тақдирини жамиятларнинг бундай урушга қанчалик тайёр эканлиги ҳал қилади. Бу масалада ҳар икки томонда ҳам жиддий муаммолар бор.
Бу ерда яна битта нозик жиҳат ҳам бор. Балки кутилмаганда бир воқеа содир бўлиши мумкин. Масалан, Яқин Шарқ минтақасидаги вазият Ғарбни чалғитди. Шунга ўхшаш қайсидир жамиятларда сиёсий беқарорлик шаклланиб қолиши мумкин. Мана шундай субъектив воқеалар ҳам урушнинг боришига таъсир ўтказади.
– Ғарб Украинага жуда катта ёрдам ажратди. Лекин бундан Украина нега самарали фойдалана олмади?
Фарҳод Толипов, сиёсатшунос:
– Агар Украинага Ғарб ёрдам бермаганида, балки Россия Украинани 3-4 кун ичида эгаллаб олиши мумкин эди. Ғарб Украинага нафақат ҳарбий, балки дипломатик ёрдам берди. Масалан, Россиянинг ҳаракатлари БМТ томонидан қораланди ва унга қарши резолюция қабул қилинди. Ғарб ва Украина Россия кутилмаганда уруш бошлашига ишонмаган эди.
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Биринчидан, Ғарб томонидан Украинага берилган ёрдам етарли бўлмади. Иккинчидан, бу ёрдам ўз вақтида бўлмади. Мисол учун, Украина ёзда қарши ҳужумни амалга ошириши учун 300 дан ошиқ танк кераклиги айтилди. Бироқ кейинчалик маълум қилиндики, Ғарб Украинага қарши ҳужум бошлаши учун атиги 100 дона танк берган. Боз устига берилган танклар анча эски эди. Учинчидан, Украинага ёрдам ўз вақтида берилмади.
Тўғри, биз ҳарбий эксперт эмасмиз. Бироқ ҳарбий мутахассисларнинг фикрича, Украинанинг қарши ҳужуми тезкор бўлмагани сабабли Россия эгаллаб олган ҳудудларида мудофаа истеҳкомларини барпо этишга улгурган. Россия қўшинлари ҳимояланиш учун 3 қисимдан иборат мудофаа чизиғини чизди. Яъни Россияда Украинанинг қарши ҳужумига қарши тайёрланиш учун етарли вақт бўлди. Мана шу омиллар муҳим аҳамият касб этди.
Хўш, нима учун Ғарб Украинага тезкор тарзда ҳарбий ёрдам бермади? Бу савол мени ҳам жуда ўйлантиради. Биласизми, ўзаро келишувни бюрократик жиҳатлари мавжуд. Масалан, ўзаро келишиш керак, кейин эса бу келишувни барча давлатларнинг парламенти тасдиқлаши зарур. Бу узоқ вақт талаб этади! Демократиянинг автократиядан бир қанча устун жиҳатлари бор. Лекин автократияда тезкор қарор қабул қилиш имконияти бўлади. Демократияда эса бундай эмас. Мана шу нарса Ғарбнинг Украинага ёрдамини бир оз орқага сурган бўлиши мумкин.
Фарҳод Толипов, сиёсатшунос:
– Менда бир қўшимча фикр бор эди. Нима учун Ғарб Украинага замонавий, энг сўнгги моделдаги қуролларни бермади? Балки Ғарб ўзининг замонавий қуролларини Россия қўлига тушиб қолишидан қўрққан бўлиши ҳам мумкин. Расмий доираларда шундай қарор қилинганки, Европа берган қуроллар Россиянинг ҳудудига ўтиб кетмаслиги керак.
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Бугунги кунда Украина урушидан ким кўпроқ фойда кўрмоқда? Россияни ҳолдан тойдириш уруш бошланишидан энг устувор вазифа эди. Мана шу жиҳатдан Ғарб ўзининг кўп мақсадларига эришди. Айни шу уруш натижасида АҚШнинг қурол ишлаб чиқарувчи компаниялари мисли кўрилмаган ҳарбий шартномаларга эга бўлди. Аслида қурол савдоси дунёда энг олий бизнес ҳисобланади. Бундан ташқари, дунё миқёсида қурол сотиб олишга бўлган талаб кучайди. Бугунги кунда барча мамлакатлар ўз хавфсизлигини таъминлаш учун қурол сотиб олмоқда.
Энергия ресурслари борасида Россия бутунлай Европа бозорини тарк этди ва Европа бозорларини АҚШ ёки унга хайрихоҳ бўлган кучлар эгалламоқда. Бундан ташқари, бугун Европа давлатлари НАТОга яна эҳтиёж сеза бошлади. Табиий равишда НАТОда янги аъзолар пайдо бўлди. Яъни Ғарб учун бу урушни глобал миқёсга олиб чиқиш зарур эмас. Чунки урушнинг ҳозирги ҳолати уларни қониқтиради. Бу нарса Хитойни ҳам қониқтиради. Бир жиҳатдан, АҚШнинг асосий рақиби ҳисобланган Россия ҳолсизланиб, жуда кўплаб геосиёсий масалаларда инқирозларга дучор бўлмоқда. Бошқа жиҳатдан, Россия бутун халқаро ҳамжамият олдида ҳақиқий агрессорга айланди.
– Айрим Ғарбдаги таҳлилчилар ҳар икки томон ҳам ҳолдан тойганини, Россия эгаллаб олган ҳудудларини ўзида сақлаб қолишини тахмин қилмоқда. Бунга сизлар қандай қарайсиз?
Фарҳод Толипов, сиёсатшунос:
– Албатта, бу тахмин холос. Уруш шундай якун топади, дейиш ҳам бир оз нотўғри. Чунки уруш давом этмоқда. Бундан ташқари, халқаро ҳамжамият Украинани мустақиллгини 1991 йилдаги чегаралар билан тан олган. Демак, Россия ўзи эгаллаб олган ҳудудларга нима деб даъво қилмасин, бу даъво халқаро ҳуқуққа зид ҳисобланади. Шу боисдан ҳам халқаро ҳамжамият Қримни тан олмаяпти. Хусусан, Ўзбекистон ҳам.
Шунингдек, шу ҳудудларни Россияга бериш билан урушни тўхтатиш масаласи кўтарилганида, Украина президенти бунга рози бўлмаслигини ва Россия қўшинлари Украина ерларидан чиқиб кетмагунича уруш давом этишини айтган эди. Агар Украина ҳудудлари Россияга бериб юборилса, бу бошқа йирик давлатлар учун имконият бўлади. Яъни халқаро ҳамжамиятда катта мамлакатларни тўхтатиб бўлмас экан, деган қараш пайдо бўлиши мумкин. Мен Россиянинг Украинага ҳужумини, Ироқнинг Қувайтга бостириб киришига ўхшатаман. Ўшанда МБТ ва бошқа йирик давлатлар Ироқни Қувайтдан ҳайдаб чиқарган эди. Буни қарангки, Ироқ президенти Саддам Ҳусайннинг Қувайтни эгаллаши учун келтирган далиллари Россия президенти Владимир Путиннинг даъволари билан жуда ўхшаш.
Россия рус халқини қутқариш даъвоси билан уруш бошлади. Лекин шу 2 йил ичида қанча рус урушда қурбон бўлди? Нима Россия шу йўл билан русларни қутқармоқдами? Кўряпсизми, Россиянинг даъвоси жуда кулгули. Агар Украина ерлари Россияга бериб юборилса, бу билан халқаро ҳуқуққа жиддий зарба берилади.
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Ҳозир қандай қилиб тинчликка эришиш масаласида баъзи давлатлар ўз таклифини билдирмоқда. Масалан, Хитой ўз позициясини ишлаб чиқиб тақдим этди. Бундан ташқари, машҳур сиёсатшунос Генри Киссенжер ҳам ўз таклифларини билдирган эди. Лекин бу фикрларда бир-бирига қарама-қарши бўлган масалалар бор. Мисол учун, Хитой Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тан олсада, Хитой НАТОнинг кенгайишини истамайди. Лекин вазият шундай бир чигал ҳолатга келиб қолди.
Бундан ташқари, томонларда урушни давом эттириш учун етарли куч ҳам қолмаган. Мисол учун, Россия бугун ўзи истаганидек ерларини забт этиб, унга хайрихоҳ бўлган ҳукуматни ярата олмайди. Украина ҳам Россия эгаллаб олган ҳудудларни қайтариб ололмайди.
– Сизнингча, урушда ҳал қилувчи рўлни нима ўйнайди?
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Менимча, урушнинг тақдирини ҳал қилишда мамлакатларнинг халқи ва сиёсий элитаси асосий рўл ўйнайди. Шунинг учун уруш фронтда ҳал бўлмайди, балки фронт ортида ҳал бўлади. Агар урушда Россия енгилса, у давлат сифатида парчаланиб кетади. Украинанинг енгилиши бошқа поссовет ҳудудидаги давлатларга таҳдид. Яъни Россиянинг иштаҳаси очилиб кетиши мумкин.
Бундан ҳам муҳим масала – ҳозир янги дунё тартиботи шаклланаётган экан, ҳар бир давлат ўша ерга ўлжа билан бориши муҳим ҳисобланади. Айнан ўлжа стол устига қўйилади. Ва йирик давлатлар “мана мени ўлжам, сен нима қўясан? Мен дунё тартиботи мана бундай бўлишини истайман”, деган бир мажозий масала кўтарилади.
Менимча, бугун дунё давлатлари Украина урушини тўхтатиш учун етарлича ҳаракат қилмаяпти. Биринчи ўринда ўт очишни тўхтатиш керак. Агар халқаро ҳамжамият Россия Украина ҳудудларини тарк этишини талаб қилса, унда Россия нима учун урушга кирди? Украина учун ҳам худди шундай.
Бизни жамиятда “Украина ҳақми ёки Россия ҳақми”, деган масала кўп муҳокама қилинди. Мени назаримда, бу жараёндан Ўзбекистон қандай фойдаланиши мумкин деган масалани муҳокама қилган маъқул. Айни шу жараёндан кўплаб мамлакатлар фойда кўрмоқда. Хўш, нима учун Марказий Осиё фойда кўрмаслиги керак? Шундай ҳолатда нима қилиш керак? Мана шуни муҳокама қилишимиз зарур.
Фарҳод Толипов, сиёсатшунос:
– Аввало, ҳар бир томоннинг масъулияти бор. Масалан, Россия урушни тўхтатиши мумкин. Шундай имконият Украинада ҳам мавжуд. БМТ, НАТО ва АҚШда ҳам шундай. Яъни ҳар бир томоннинг масъулияти бор.
Пруссиялик Карл фон Клаузевис “Уруш ҳақида” деб номланган китоб ёзган. Шу китобда муаллиф урушнинг табиати мавжудлигини ва ҳар бир урушнинг табиатини билгандан кейингина шу урушга баҳо бериш мумкин эканлигини ёзган. Хўш, Украина урушининг табиати қандай? Бу уруш геосиёсий кураш учун бошландими ёки рус халқини қутқариш учун? Мана шу саволга жавоб топганимиздан кейин урушга баҳо бера оламиз.
Ҳозир урушда ким ғалаба қозонди, ким мағлубиятга учради, деган савол кўп муҳокама қилинмоқда. Лекин биз ғалаба ва мағлубиятни тўғри қўллаяпмизми? Масалан, Россия Украина ҳудудидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кеца, бу мағлубиятми? Балки бу мағлубият бўлмас? Яъни Россия юзи шувут бўлмасдан урушдан чиқиб кетиши мумкин. Агар бунга тўғри талқин берилса!
Суҳбатнинг тўлиқ шаклини “Дарё”нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Сардор Али суҳбатлашди.
Изоҳ (0)