Исроил разведка хизматлари “Моссад” Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати етакчиларини қаерда бўлишидан қатъи назар, қидириш ва ўлдиришга ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal Исроил расмийларига таяниб, хабар берди. “Ов” уруш тугаганидан кейин бошланиши режалаштирилган.
Манбаларга кўра, бундай буйруқ Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху томонидан берилган, айни пайтда Исроилнинг юқори разведка идоралари Ливан, Туркия ва Қатарда яшовчи ҲАМАС етакчиларини қидириш бўйича режалар устида ишламоқда.
Ишлаб чиқилаётган “қотиллик кампанияси” Исроил яширин операцияларининг давоми бўлиб, Голливуд фильмларига ўхшайди, дея қайд этди WSJ. Газета манбаларига кўра, 2010 йилда Дубайда ҲАМАС етакчиси Маҳмуд ал-Мабҳуҳни сайёҳ қиёфасидаги исроиллик махсус агентлар ўлдирган. Разведка хизматлари Сурияда 2008 йилда “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Имад Мунгиэ, 2020 йилда эронлик ядро олими Моҳсен Фахризоданинг ўлимида ҳам иштирок этган.
WSJ йиллар давомида Қатар, Ливан, Эрон, Россия ва Туркия каби давлатлар ҲАМАСга “бир оз ҳимоя” берганини эслатди, Исроил эса дипломатик жанжаллардан қочиш учун ҳаракат етакчиларига ҳужум қилишдан ўзини тийган. Бироқ 7 октябрдан кейин вазият ўзгарди — Нетаняху “Моссад”га “қаерда бўлмасин, ҲАМАС етакчиларига қарши ҳаракат қилиш”ни буюрди.
“Бутун дунёда нафақат Ғазо секторидаги террорчиларга ҳам, балки самолётларда учаётганларга ҳам қарши кураш олиб борилмоқда”, — деди Исроил мудофаа вазири Ёав Галлан 22 ноябрь куни.
WSJ манбаларига кўра, баъзи Исроил расмийлари 7 октябрдан кейин дарҳол хориждаги ҲАМАС етакчиларига суиқасд уюштирмоқчи бўлган, аммо бу борадаги муҳокамалар ҳали ҳам давом этмоқда.
“ҲАМАСни глобал миқёсда таъқиб қилиш ва унинг барча етакчиларини мунтазам равишда йўқ қилишга уриниш стратегик мақсадга эришиш истаги эмас, балки қасос олиш истаги”, — деди “Моссад” собиқ директори Эфраим Ҳалеви газетага.
Изоҳ (0)