Хоразм вилояти Хива туманида болалар дарс пайтида мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати мазкур хабарларга ойдинлик киритди.
Хабарга кўра, тармоқларда тарқалган лавҳада Хива туманидаги 5-сон мактабнинг 11-синф ўқувчилари дарс пайтида ариқ қазиётгани келтирилган. Мазкур ҳолат Хоразм вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мутахассислари ҳамда Хива тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиши бўлими Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори иштирокида ўрганилди.
Видеолавҳадаги ҳолат жорий йил 20 октябрь куни Хива туманидаги 5-сон умумий ўрта таълим мактаби ташқарисида содир қилинган бўлиб, ўқувчилар билан суҳбатлашилганда улар мактабнинг чақириққа қадар бошланғич таълим раҳбарига ўз ихтиёрлари билан ёрдамлашганини, уларни ҳеч ким меҳнат қилишга мажбурламаганини билдирди.
Ўрганиш хулосасига кўра, Хива тумани 5-сон мактаб ўқувчиларининг мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳолати ўз тасдиғини топмаган.
Изоҳ (0)