Тошкент шаҳрида мобил алоқа кучайтиргичларидан ноқонуний фойдаланиб келган дўкон аниқланди, деб хабар беради “Ўзкомназорат” матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, 16 ноябрь куни “Ўзкомназорат” инспекциясининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими, “ЭМММ” ДУК ҳамда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда пойтахт бўйлаб мониторинг тадбирлари ўтказилган.
Тадбир давомида Шайхонтоҳур тумани, Ғофур Ғулом кўчаси, 7-уй ертўласида жойлашган дўконда мобил алоқа компаниялари база станцияларининг сифатли ишлашига халақит бераётган мобил кучайтиргич (репитор) қурилмаси аниқланган.
“Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мобил алоқа тармоқлари сигналларини кучайтириб берувчи ретранслятор қурилмаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қарорга асосан, 500 мегаваттгача бўлган қувватда бошқа радиоэлектрон қурилмаларга радиохалақит бермаслиги ва бошқа радиоэлектрон воситаси аралашувидан ҳимояни талаб қилмаслик шарти билан ишлатишга рухсат этилган.
Аммо юқоридаги ҳолатда қурилма мобил алоқа компанияларининг сифатли хизмат кўрсатишига халақит бергани сабабли Retail Trade East МЧЖга қарашли дўкон масъулига “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 152-моддаси (радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланиш тартибини бузиш) 1-қисмига асосан маъмурий иш ҳужжатлари расмийлаштирилиб, Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судига юборилган.
Изоҳ (0)