Украина қуролли кучлари Днепрнинг чап қирғоғида рус қўшинларини бир неча километр орқага суришга муваффақ бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда Bild хабар берди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, рус қўшинлари уч километрдан саккиз километргача бўлган масофада орқага чекинган. Украина қўмондонлиги ҳудуддаги рус қўшинлари сонини бир неча ўн минглаб деб баҳоламоқда.
“Россия қўшинлари ўнг қирғоқни артиллериядан ўққа тутишда давом этмоқда. Ҳали қиладиган ишларимиз кўп”, — деди Жанубий мудофаа кучлари спикери Наталя Гуменюк.
Днепр бир йилдан бери украиналик ҳарбийларни жанубдаги рус ҳарбийларидан ажратиб турадиган фронт чизиғи бўлиб хизмат қилмоқда. Ўнг қирғоқ Украина қуролли кучлари томонидан назорат қилинади, руслар эса қарама-қарши чап қирғоқда. Украина ҳарбийлари чап қирғоқда “муваффақиятли ютуқ” ҳақида хабар бераётган бўлса, Россия қўмондонлиги Украина қуролли кучлари кўприкда мустаҳкам ўрнашиб олишга уринаётганда, гўёки оғир йўқотишларга учрагани ҳақида хабар бермоқда.
Агар Украина армиясининг ҳужуми ҳақидаги сўнгги хабарлар тасдиқланса, бу Украина қуролли кучларининг сўнгги бир неча ойдаги энг катта муваффақияти бўлади. Июнь ойида бошланган қарши ҳужум ҳозирга қадар секин кечди, мамлакат жануби ва шарқидаги бир нечта кичик қишлоқлар озод этилди.
Изоҳ (0)