Украина “ҳар жиҳатдан” Европа Иттифоқига аъзолик бўйича музокараларни бошлашга тайёр эмас. Бу ҳақда Венгрия бош вазири Виктор Орбан Коссутҳ радиоси эфирида маълум қилди.
“Музокараларни бошлаш мумкин эмас, бу Венгриянинг аниқ позицияси”, — деган Орбан.
У, шунингдек, Европа Иттифоқи “Венгрияга жуда кўп — уч ёки тўрт, эҳтимол, аллақачон беш миллиард евро пул бериши кераклиги, “турли сабабларга кўра” бермаётганини эслатиб ўтган.
Аввалроқ Politico нашри уч европалик дипломатга таяниб Европа Иттифоқи Украина билан унинг иттифоққа кириши бўйича музокаралар бошлангани ҳақида декабрь ойида расман эълон қилмоқчилигини хабар қилганди. 8 ноябрь куни Еврокомиссия Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларга тайёрлиги ҳақидаги ҳисоботини тақдим этди. Еврокомиссия Украина ва Молдова билан иттифоққа қўшилиш бўйича қатор шартлар асосида музокараларни бошлашни тавсия қилган.
Европа Иттифоқи умумий бюджетининг ички ҳисоб-китобларига кўра, Украинанинг иттифоққа қўшилиши мамлакатга етти йил ичида тахминан 186 миллиард евро олиш ҳуқуқини беради.
Изоҳ (0)