Шавкат Мирзиёев ИҲТ саммитининг асосий тадбирларида иштирок этиш учун Ўзбекистонда бўлиб турган Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан музокара ўтказди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, унда Ўзбекистон—Озарбайжон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Мунтазам ўтказиб келинаётган олий даражадаги мулоқотларда эришилган келишувларнинг натижалари катта мамнуният билан қайд этилди.
Товар айирбошлаш кўрсаткичлари ўсмоқда, автомобиль, электротехника, тўқимачилик саноатида, энергетика тармоғида, қишлоқ хўжалиги, логистика ва бошқа устувор йўналишларда муҳим кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Маданий-гуманитар тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарлари амалий ҳамкорлик дастур ва лойиҳаларини илгари суриш борасида биргаликдаги ишларни жадал давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
9 ноябрь куни ИҲТ саммитида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникациявий ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ушбу кўп томонлама тузилма фаолиятини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)