Кино мухлисларининг аксарияти “Келажакка қайтиб-2” фильми бош қаҳрамони Марти Макфлайнинг учар скейтбордини яхши эслайди. Ушбу фильм 1989 йилда суратга олинган бўлса-да, унда акс этган учар скейтборд ғояси бизнинг даврга келибгина ҳақиқатга айланди.
YouTube платформасидаги JLaservideo канали муаллифи учиш имкониятига эга бўлган ҳақиқий ховерборднинг ишчи прототипини ясади.
Скейтборд “ҳаво ёстиқчалари” ёки скейт ва ер юзаси ўртасида “экран эффекти”ни ҳосил қиладиган турбиналар билан жиҳозланган. Таъкидлаш керакки, ховерборд фильмдаги учар қурилмадан бирмунча фарқ қилади. У нисбатан катта ва оғирроқ, бундан ташқари, сув устидан учиб ўтиш имкониятига эга эмас.
Мутахассислар ховерборднинг асосий камчилиги сифатида турбиналар ишлаган вақтда юқорига ҳаддан ташқари кўп чанг кўтарилишини айтиб ўтишган. Шунинг учун ҳам қурилмадан фойдаланишда ҳимоя шлемини кийиш ва чанг остида қолиб кетишга тайёр туриш керак бўлади.
Аммо ушбу кичик камчиликлар учар технология машҳурлигига соя солгани йўқ. Тез орада учар скейтбордларнинг сотувга чиқариладиган версиялари ҳам яратилса ажаб эмас. Бу саргузашт шинавандаларига ўзларини фантастик фильм қаҳрамонлари каби ҳис қилиш учун имкон бериши аниқ
Изоҳ (0)