Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани ҳокими Лутфиддин Абдуллаевнинг тумандаги фермерларга мажбуран ариза ёздириб, ерини тортиб олишга уринаётгани эшитилган аудио жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинган эди. Яккабоғ ҳокимининг мазкур қилмиши вилоят раҳбари танқидига сабаб бўлди. Бу ҳақдаги хабарларни “Дарё”га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов тасдиқлади.
Олдимизда қанча масала турибди, халқимиз қараб турибди, елкада масъулият бор. Сиз эса, ижтимоий тармоқларда айланиб юрипсиз. Ҳар хил гапларни гапириб, ишингизни қилинг. Бу гап фақат сизга тегишли эмас, ҳамма елкасидаги масъулиятни бажарсин, — деган Муроджон Азимов бугун бўлиб ўтган ҳокимлик соатида.
Блогер Азизбек Яздурдиевнинг ёзишича, вилоят ҳокими Муроджон Азимов йиғилишда яна таниқидий фикрлар билдирган. Ҳокимликда фаолият юритмаса-да, “ҳокимиятдан чиқяпман” мазмунида топшириқлар бериш ҳолатлари бўйича мурожаатлар келаётганини билдирган.
“Дарё” манбасининг қўшимча қилишича, Муроджон Азимов, шунингдек, Яккабоғ ҳокимини бошқа ташкилотлар номидан фойдаланмасликка чақирган.
Лутфиддин Абдуллаевнинг тармоқларда тарқалган фермерлар билан мулоқотида бир нечта фермер ариза ёзишдан бош тортгани ва белгиланган режани бажараётганини билдирганди. Фермерлардан бири ҳокимнинг бу талабига жавобан, белгиланган режани 96-97 фоиз бажараётганини айтади. Ҳоким бунга эътибор ҳам қилмай, кимгадир ариза қандай ёзилиши кераклигини айтиб туришини, ариза вилоят ҳокими ёки вилоят Кадастр бошқармаси бошлиғига ёзилишини қўшимча қилган.
Ҳоким, шунингдек, фермерларга белгиланган режани бажарса, ғалласини экса, аризасини қайтариб олиб кетишини айтади. Бироқ ариза ёзмаган фермерларни эса зўравонларча автобусга босиб, туман ИИБга олиб бориш кераклигини, улар билан ўзи гаплашишини, шу пайтгача бирортасига тегмаганини писанда қилади.
Изоҳ (0)