Президент қарори билан Иқболжон Эргашев Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тайинловга қадар у Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари – вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
“Иқболжон Эргашев ўтган даврда вилоятимизга хорижий инвестициялар жалб этиш, вилоятимизда ишлаб чиқарилган ва етиштирилган маҳсулотларнинг хорижга экспорти ҳажмини ошириш, географиясини кенгайтириш, Фарғонада тадбиркорликни ривожлантириш ва қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида эришилган юқори натижаларга ўз салмоқли ҳиссасини қўшди”, — дейилади хабарда.
Август ўрталарида Баҳром Шарипов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси лавозимидан озод этилганди. Президентнинг 2021 йил 8 июлдаги қарори билан Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси деб қайта номланганди. Қўмитага 2020 йил 15 сентябрдан Баҳром Шарипов раҳбарлик қилиб келган.
Изоҳ (0)