Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Улуғбек Мақсудов Бутунжаҳон ислом уюшмаси минтақавий директори Абдуллоҳ бин Раҳматуллоҳ билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда “Дунё” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув давомида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси ҳамда Орол денгизи минтақасида жойлашган аҳоли пунктларига Саудия Арабистонининг гуманитар ва молиявий-техник ёрдамини жалб қилиш масалалари муҳокама қилинган.
Мулоқот чоғида Ўзбекистонда барпо этилган Президент ва ихтисослаштирилган мактабларни замонавий техникалар, шифохоналарни тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда Орол денгизи минтақаси аҳолиси учун беғараз молиявий кўмак кўрсатиш, кам таъминланган ва кўмакка муҳтож фуқароларга бепул юрак, суяк ва кўз жарроҳлик операцияларини амалга ошириш масалалари хусусида фикр алмашилган.
Бўлиб ўтган учрашув якунида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Бутунжаҳон ислом уюшмаси вакиллари ўртасида онлайн учрашув ташкил этиш, саудиялик жарроҳлар гуруҳини Ўзбекистонга юбориш, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги шифохоналарга замонавий тиббиёт ускуналарни беғараз етказиб бериш бўйича имкониятларни ўрганиш бўйича келишиб олинган.
Эслатиб ўтамиз, Саида Мирзиёева 23 март куни БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида ўтказилган Сув масалалари бўйича конференцияда нутқ сўзлаганди. “Орол денгизининг инқирози инсониятнинг атроф-муҳитга эътиборсизлиги оқибатлари ҳақида даҳшатли эслатмадир. Бироқ ғамхўр одамларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли у яна умид ва янгиланиш рамзига айланмоқда”, — деганди Саида Мирзиёева.
Изоҳ (0)