Хитой мудофаа вазири лавозимидан четлатилди. Бу ҳақда 24 октябрь куни South China Morning Post (SCMP) хабар берди.
“Истеъфога чиқиш тўғрисидаги қарор Бутунхитой халқ вакиллари кенгашининг доимий қўмитаси томонидан маъқулланди”, — деб таъкидлайди нашр.
Генерал бир неча ҳафтадан бери ғойиб бўлган, унинг тақдири ҳақида турли миш-мишлар тарқалмоқда. АҚШ санкциялари остидаги Ли Шангфу август ойи охиридан бери омма олдида кўринмаган.
SCMP Ли Шангфу истеъфоси ҳақидаги маълумот Пентагон делегацияси Пекинга келишидан бир неча кун олдин маълум бўлганига эътибор қаратди. Мутахассисларнинг фикрича, бу ташриф Хитой ва АҚШ ўртасидаги юқори даражадаги ҳарбий алоқаларни қайта тиклаш учун дебоча бўлиши мумкин.
Давлат оммавий ахборот воситалари Ли Шангфунинг истеъфога чиқиши сабабини ёки унинг ўрнини эгаллайдиган номзод исмини очиқламади. Мудофаа вазирининг истеъфога чиқиши Хитой Қуролли кучлари раҳбариятида бошқа кадрлар ўзгаришига олиб келадими ёки йўқлиги ҳам номаълум.
Бундан ташқари, Bloomberg хабар беришича, Шанси провинциясининг собиқ губернатори Лан Фоан Хитой Халқ Республикаси молия вазири лавозимига тайинланган: у ушбу лавозимда Лю Куннинг ўрнини эгаллаган. Сентябрь ойи охирида молия вазирининг яқин орада алмашиши ҳақида инсайдер маълумот олган Financial Times газетаси Лан Фоаннинг тайинланиши Хитой раиси Си Цзиньпиннинг иқтисодий жамоасидаги ўзгаришлар якуни бўлишини таъкидлаганди.
Изоҳ (0)