Ўзбекистон президентининг тегишли фармонига асосан адлия катта маслаҳатчиси Шамсиддин Соҳибназаров Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди.
Шамсиддин Соҳибназаров тайинловга қадар Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.
2019 йилдан буён шу кунгача Дилшод Раҳимов Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Август бошларида Ўзбекистон президентининг тегишли фармонига асосан адлия катта маслаҳатчиси Шерзод Тўхтабоев бош прокурорнинг ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Ундан олдин бош прокурорнинг буйруғига асосан адлия катта маслаҳатчиси Икром Наримов транспорт прокурори этиб, шунингдек, Андижон, Наманган ва Самарқанд вилоятларига янги прокурорлар тайинлангани тўғрисида хабар берилганди. Август бошларида Андижон вилояти прокурори Сирожиддин Эшқувватов Тошкент вилояти прокурори лавозимига тайинланганди.
Изоҳ (0)