Reuters агентлиги бугун маҳаллий вақт билан соат 8:00 дан бошлаб Ғазо сектори жанубида ўт очишни тўхтатиш бўйича уч томонлама (Исроил, Миср ва АҚШ) келишув кучга кириши ҳақида хабар берганди. Исроил бу хабарларни рад этди.
“Ҳеч қандай келишув йўқ”, — дея хабар берди Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху идораси.
Reuters агентлиги ўз хабарини Миср разведка хизматларидаги икки манбага таяниб тарқатган эди. Уларга кўра, ўт очишни тўхтатиш билан бир вақтда Ғазо сектори ва Миср ўртасидаги Рафаҳ чегара пункти очилиши керак эди.
Исроил армияси бу борада ҳеч қандай изоҳ бермади. АҚШнинг Исроилдаги элчихонаси эса Reuters агентлигига берган изоҳида, Рафаҳдаги вазият “беқарор ва олдиндан айтиб бўлмайдиган даражада қолаётгани, саёҳатчилар назорат пунктидан ўтиши мумкинми ёки йўқми — номаълум экани”ни билдириб ўтган.
Элчихона ходимларининг сўзларига кўра, ўзини етарли даражада хавфсиз ҳис қилган фуқаролар чегарадаги назорат пунктидан ўтишлари мумкин.
Изоҳ (0)