Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Юнусобод туманидаги 260-мактаб ўқувчилари синфхоналарнинг биридан чаён топгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ишчи гуруҳи томонидан аҳвол ўрганилган. Унга кўра, 6-октябр куни 260-мактабда тахминан соат 10:20 ларда юқори синф ўқувчилари синфхонада эмас, коридорда жонсиз чаён топиб, видеотасвирга олган ва ижтимоий тармоққа жойлаштирган.
Ўрганишлар чоғида аниқланишича, мактабнинг 9-синф ўқувчиси Р.А. ўзи билан қоғоз қутида мактабга жонсиз чаён олиб келган ва мактабдошларига ҳазиллашиш мақсадида чаённи коридорда қолдирган. Бу хатти-ҳаракати учун ўқувчи Р.А. билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Шунингдек, бундай ҳол такрорланмаслигини олдини олиш мақсадида мактаб ўқувчилари билан ИИБ инспектор-психологи иштирокида профилактик суҳбат ўтказилган.
Таъкидланишича, 7-октябр куни Юнусобод тумани Санитария-эпидемиология осойишталик маркази мутахассислари жалб этилиб, мактаб ошхонаси, спорт зали, коридорлар ҳамда синфхоналарида турли ҳашоратларга қарши дезинфекция ва дезинсексия ишлари амалга оширилган.
Аввалроқ Тошкентда жисмоний тарбия дарсида 6-синф ўқувчиси кўкрагига копток тегиши оқибатида вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)