Норвегия 2024 йилда мудофаа бюджетини тахминан 20 фоизга оширади, деб ёзди Норвегиянинг ВГ газетаси молия вазири Трюгве Слагсволд Ведумга таяниб.
“Келгуси йил учун мудофаа бюджетига жами 90,8 миллиард крон (тахминан 8,3 миллиард доллар) ажратмоқдамиз... Бу 2023 йил учун қабул қилинган бюджетдан тахминан 20 фоизга кўп”, — дея Ведум сўзларидан иқтибос келтирди газета.
Бош вазир Ёнас Гарс Стере қўшимча пуллар Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, Норвегиянинг мудофаа қобилиятини ошириш учун ишлатилишини айтди.
“Ушбу бюджет билан биз келгуси йилда ЯИМнинг 1,8 фоизини ташкил этиш ниятидамиз... Шу билан биз белгиланган мақсадга муддатидан олдин етиб борамиз, унга кўра, 2026 йилда ЯИМнинг 2 фоизига етишимиз керак”, — деди молия вазири ВГ нашрига берган интервьюсида.
Нашр қайд этганидек, гап Норвегия июль ойида Вильнюсда бўлиб ўтган саммитда амалга оширишга ваъда берган ялпи ички маҳсулотнинг камида 2 фоизини мудофаага сарфлаш бўйича НАТО дастури ҳақида бормоқда.
Норвегиянинг давлат бюджети 6-октябрь куни тақдим этилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)