29-сентябр куни Нью-Йорк штати губернатори Нью-Йорк шаҳрида фавқулодда ҳолат эълон қилди. Кучли ёмғирдан кейин штатнинг бир қанча йирик шаҳарлари сув остида қолган.
Штат губернатори Кети Хоукул Twitter’да Нью-Йорк шаҳри, Лонг-Айленд ва Гудзон водийси кучли ёмғирдан азият чекканини айтди.
“Мен Нью-Йорк шаҳри, Лонг-Айленд ва Гудзон водийсида биз бутун минтақада кузатилаётган кучли ёғингарчилик туфайли фавқулодда ҳолат эълон қиламан. Илтимос, хавфсизлик чораларини кўринг ва сув босган йўлларда ҳаракатланманг”, — деб ёзди губернатор.
29-сентябр куни Бруклинда бир неча соат ичида 11 сантиметрдан ортиқ ёмғир ёғди, бу бир ойлик меъёрга тенг. Манхеттенда бор-йўғи бир соат ичида ярим ойлик ёғингарчилик кузатилди.
Шаҳарда уйларнинг ертўлалари ва биринчи қаватларини сув босган, айрим метро бекатлари ишлашдан тўхтади, улар атрофидаги йўллар ёпилди.
Айни пайтда Нью-Йорк штати шаҳарлари аҳолиси сув босган кўчалар тасвирини бўлишмоқда.
“Бруклин, Нью-Йорк сув остида қолди. Шаҳар инфратузилма ҳақида қайғурмаяпти. Аҳоли бирин-кетин офатларни енгишга мажбур бўлмоқда”, — деб ёзади шаҳар аҳолиси.
Нью-Йорк полицияси кучли ёмғир туфайли баъзи ҳудудларда қутқарув ишларини олиб борган.
Изоҳ (0)