Тошкент вилоятида белгиланмаган жойга қурилиш чиқиндиларини иккинчи марта тўкиб кетган фуқаронинг транспорт воситаси мусодара қилинади. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент тумани “Қорасарой” маҳалласидан оқиб ўтувчи сув бўйига қурилиш чиқиндилари тўкиб кетилган. Ҳолат ушбу ҳудуддаги хонадонлардан бирига ўрнатган кузатув камерасига тушиб қолган.
Тошкент вилояти Экология бошқармаси ходимлари томонидан тезкор экологик суриштирув ишлари натижасида “Қорасарой” МФЙ, Истиқолол кўчасида яшовчи фуқаро А.Т. “Зил” русумли юк автотранспортида қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган жойга тўккани аниқланган.
Қайд этилишича, А.Т. аввал ҳам шундай ҳуқуқбузарлик содир этган ва 7 сентябрь куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-1-моддаси, 3-қисми билан далолотнома тузилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баробарида — 1 миллион 650 минг сўм жарима қўлланилган. Орадан саккиз кун ўтиб эса фуқаро томонидан такрор ҳуқуқбузарлик содир этилган.
Қонунчиликка кўра, ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, ҳуқуқбузарлик қуроли мусодара қилиниши белгилаб қўйилган.
Шунга асосан, айни дамда А.Т.нинг транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига қўйилиб, мусодара қилиниши юзасидан ҳужжатлар тўпланиб, судга даъво аризаси киритилмоқда.
Бундан олдин Навоий шаҳрида белгиланмаган жойга чиқинди ташлаганлар 10 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилгани, Зангиотадаги канал атрофига чиқинди ташлаган “Махсустранс” ҳайдовчиси ишдан олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)