АҚШ президенти Жо Байден 26-сентябр куни Мичиган штатининг Детройт шаҳридаги General Motors заводида иш ташлаш пикетига қўшилди. У овоз кучайтиргич орқали пикетчиларни таслим бўлмасликка чақирди, деб хабар бермоқда AP.
United Auto Workers (UAW) касаба уюшмасининг кепкасини кийган Байден Genaral Motors эҳтиёт қисмлари омборида уюшма вакиллари томонидан уюштирилган норозилик намойишига қўшилган: заводга тегишли объектларда 12 кундан буён иш ташлаш давом этмоқда.
Узоқ муддатли иш ташлаш иқтисодга путур етказиши мумкин деган хавотирларга қарамай, президент автомобиль ширкатининг даромади ошгани сабабли ишчиларни иш ҳақини ошириш учун курашни давом эттиришга чақирди.
“Мамлакатни Уолл Стрит қурмаган, мамлакатни ўрта синф вакиллари қурган, ўрта синфни эса касаба уюшмалари қурган. Қани давом этамиз. Сиз шу пайтгача олган маошингиздан кўпроғига лойиқсиз”, — деди Байден ўз чақириғида.
У ишчиларнинг маошини 40 фоизга ошириш ҳақидаги чақириқларни қўллаб-қувватлади.
Қайд этилишича, Байден яқинлашиб келаётган сайловларда касаба уюшмаларининг қўллаб-қувватловини олиш учун пикетда қатнашган биринчи замонавий президент бўлди.
Бугун собиқ президент Дональд Трамп ҳам намойишчилар билан учрашишни режалаштирмоқда. У Оқ уй раҳбарининг Детройтга ташрифини “фирибгар Жо Байденнинг Америка халқининг эътиборини бутун мамлакат бўйлаб иқтисодий нотинчликка олиб келган ҳалокатли “Байденомика” сиёсатидан чалғитиш учун қилган пиаридан бошқа нарса эмас” деб атади.
Изоҳ (0)