Футбол бўйича Франция чемпионатининг 6-турида “ПСЖ” “Марсель” устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ўйиндан сўнг ҳужумчи Рандал Коло-Муани, вингер Усмон Дембеле, шунингдек, ҳимоячилар Ашраф Ҳакими ва Левен Курзавалар “Марсель” шаънига ҳақоратли сўзлар ёғдирган.
Ҳакам ҳуштаги янграгач, футболчилар мухлислар томонга йўл олди. Ярим ҳимоячи Уоррен Заир-Эмери мегафонни олиб, мухлислар билан бирга қўшиқ куйлаган. У тарафдан ҳеч қандай ёмон сўзлар янграмаган, бироқ видеога Коло-Муани, Дембеле, Ҳакими ва Курзаванинг ҳақоратли сўзлар ишлатиб, бақираётгани тушиб қолган.
Le Parisien нашрининг хабарига кўра, Лига 1 интизомий иш очади ва видеолавҳаларни текширади. Агар “ПСЖ” футболчиларининг айби исботланса, улар жазоланади. Жазо турларидан бири — бу дисквалификация.
2011 йилда “Марсель” ҳимоячиси Тае Тайво “Монпелье”га қарши баҳсдаги ғалабадан сўнг, томошабинларга қарата ҳақоратли сўзлар ишлатгани учун битта ўйинга четлатилган.
Изоҳ (0)