Тошкент шаҳрида чангли ҳаво кузатилмоқда. “Ўзгидромет” бугун кузатилган ушбу ҳолатлар юзасидан маълумотларни тақдим этди.
![](/static/Taqdirlov/chan.jpg)
Унга кўра, Кавказ ҳудудида ҳафта давомида шаклланган салқин ва нисбатан нам ҳаво оқимлари Каспий денгиз орқали республиканинг шимолий-ғарбий ҳудудларига, 11 сентябрда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига кириб келди. Ғарбий оқим фронти республиканинг кўпчилик ҳудудларида баъзи жойларда шамол тезлиги 13-17 м/с гача, жанубда ва чўл ҳудудларда 20 м/с кучайишига олиб келди. Хоразм, Бухоро, Навоий, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида шамол чанг-тўзон билан қайд этилди, кўринувчанлик 500-2000 метргача ёмонлашди.
Куннинг иккинчи ярмида фронтал булутли чизиқ Тошкентнинг ғарбий туманларига яқинлашди. Соат 15:05 дан 16:00 гача Тошкентда шамол тезлиги 10-12 м/с гача кучайиши кузатилди. Шамол ернинг қуриган юзасидан чанг зарраларини кўтарди, бу эса ҳавонинг хиралашишига ва кўринувчанлик 1400 метргача ёмонлашишига сабаб бўлди.
Тошкентда атмосфера ҳавосидаги РМ10 майда заррачаларининг миқдори 1322 мкг/м3 ни ташкил этди, бу рухсат этилган қийматдан 2,4 марта кўп; РМ2,5 219 мкг/м3 майда заррачаларининг миқдори БССТ талабларидан 43 марта кўп бўлди. Тошкентда чанг-ғубор 11 сентябрь куни ва кечаси давомида сақланиб туради.
Изоҳ (0)