8 сентябрга ўтар кечаси Россия қўшинлари Одесса вилоятига Shahed-136/131 ҳужумчи дронларининг бир нечта гуруҳини учирди, деб хабар бермоқда Украина Қуролли кучлари Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги.
Украина ҳарбийларининг маълумотларига кўра, жами 20 та дрон учирилган, улардан 16 таси Одесса ва Николаев вилоятлари ҳудудида уриб туширилган. Қолган дронлар қандай зарар келтиргани ҳисоботда айтилмаган.
Одесса вилоятига тунги дронлар ҳужуми бир ҳафта ичидаги бешинчи ҳужум бўлди. Украина Қуролли Кучлари ва Одесса вилояти маъмурияти вакилларининг сўзларига кўра, аввал Россия қўшинларининг нишони порт инфратузилмаси бўлган.
Суми ва Запорожье вилоятлари 8 сентябрга ўтар кечаси ракета ҳужумларига учради.
Сумида ракета Козацкий проспекти ҳудудидаги хусусий уйларга зарар етказди, деди шаҳар раҳбари Александр Лисенко. Дастлабки маълумотларга кўра, зарба оқибатида икки қаватли турар жой биноси вайрон бўлган, 20 дан ортиқ уй ва 8 та автомобиль зарар кўрган, ёнғин чиққан. Қутқарувчилар вайроналар остидан икки кишини олиб чиқди.
Запорожьеда бир нечта ракета фуқаролик инфратузилмасига қулади, камида бир киши жароҳат олди, деди вилоят раҳбари Юрий Малашко.
Россия Украинадан дунёнинг бошқа мамлакатларига ғалла етказиб бериш бўйича дон келишувидан чиққанидан сўнг, июль ойининг ўрталаридан бошлаб Россия қўшинлари Одесса вилоятига учувчисиз учоқлар ва ракеталар билан интенсив ҳужум уюштирмоқда.
Изоҳ (0)