Президент томонидан имзоланган қонун билан “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартиш киритилди. Бу ҳақда Telegram’даги “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.
Унга кўра, аҳоли томонидан айрим турдаги ёввойи ҳайвонларнинг ярим эркин шароитларда, сунъий яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланади.
Мазкур ҳайвонларнинг рўйхати ҳамда уларни юридик шахслар (ташкилотлар) томонидан сақлаш тартиби ҳукумат томонидан белгиланади. Қонун расмий эълон қилинган кундан кучга киради.
Сенатнинг 43-ялпи мажлисида “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 43-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилганди.
“Амалдаги қонунчилик ҳужжатларида фуқаролар томонидан ёввойи йиртқич ва заҳарли ҳайвонларни уй шароитида сақлаш масаласи ҳуқуқий тартибга солинмаган. Ёввойи йиртқич ва хавфли ҳайвонларни уй шароитида сақлаш билан боғлиқ ҳолатлар таҳлили, қонунчилик ҳужжатларида фуқаролар томонидан ёввойи ҳайвонларни сақлаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи қоидаларни янада такомиллаштиришни тақозо қилмоқда”, — деган эди ўшанда сенатор Борий Алихонов.
Изоҳ (0)