Хитойлик Гуан Юе турли компанияларда 16 та лавозимни эгаллаб, иш берувчиларни алдаб, маош олиб юргани аниқланди. Бу ҳақда South China Morning Пост нашри хабар бермоқда.
Гуан Юе бир вақтнинг ўзида 16 та компанияда ишчи бўлиб, улардан маош олган, лекин у ҳеч қачон ишга бормаган ва ҳеч нарса қилмаган. Адашиб қолмаслик учун фирибгар махсус журнал юритиб, у ерда лавозимлари бўйича барча маълумотларни ва ҳисоб рақамларини ёзиб юрган.
Аёл фирибгарлик схемасини янада кенгайтиришга қарор қилганида қўлга олинди. 2022 йил октябрь ойида маълум бир IT компанияси Юени катта менежер сифатида ишга ёллади ва унга яна етти нафар юқори маошли мутахассисларни ёрдамчи сифатида ишга олишга рухсат берди. Аммо Гуан Юе ҳужжатда ёрдамчилар ишга қабул қилинди деб кўрсатиб, аслида ҳеч кимни ишга олмай, уларнинг ўрнига ҳам маош олиб юрган. Ваъда қилинган натижалар амалга ошмаганидан кейин компания барча ходимлар билан шартномаларни бекор қилди.
Компания эгаси ишдан бўшатилган ходимларнинг ҳужжатларини кўздан кечирар экан, фирибгарлик қурбони бўлганини сезиб қолди ва полицияга бу ҳақида хабар берди. Юе ҳибсга олинган пайтда унинг ҳисоб рақамларида бошқа ходимларнинг иш ҳақи сифатида кўрсатилган пул тушумлари топилди.
Терговчилар Юе 53 кишидан иборат жиноий гуруҳда фаолият юритганини аниқладилар. Уч йил давомида фирибгарларнинг даромади тахминан 50 миллион юанни (тахминан 6 млн доллардан ортиқ) ташкил этган. Ўғирланган пулга аёл ва унинг эри Шанхайнинг нуфузли ҳудудидан ҳашаматли вилла сотиб олишган. Энди Юе ва унинг жиноий шерикларини қамоқ жазоси кутмоқда.
Изоҳ (0)