Жанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамафосанинг айтишича, терговда Россияга қурол етказиб берилганига оид ҳеч қандай далил топилмаган. Бу ҳақда у ўз халқига мурожаатида айтиб ўтди, деб ёзади Sky News.
“Россияга қурол етказиб бериш ҳақидаги айбловларнинг ҳеч бири тасдиқланмади. Қурол экспортига рухсат берилмаган ва ҳеч қанақа қурол экспорт қилинмаган”, — деди Рамафоса.
Гап АҚШнинг айбловлари ҳақида кетмоқда, унга кўра ЖАР Америка санкциялари остида бўлган Россиянинг Lady R кемасига қурол ортган.
Баҳорда АҚШнинг ЖАРдаги элчиси Рубен Бригете 2022 йил декабрь ойида Саймонстаун ҳарбий-денгиз базасида Россия юк кемаси тўхтаб тургани қайд этилганини айтганди. Элчи кемага қурол ва ўқ-дорилар ортилганига ишонч билдирди.
Кейинчалик, ЖАР мудофаа вазири Танди Модизе айбловларни рад этди, Рамафоса эса ишни текширишга ваъда берди.
ЖАР Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ элчиси ўз айбловлари учун “сўзсиз кечирим сўраганини” маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, январь ойида The Wall Street Journal Кремль учун қурол-яроғ ташийдиган рус кемаси Lady R декабрь ойида ЖАРнинг энг йирик ҳарбий-денгиз базасида транспондерни ўчирган ҳолда яширинча боғлаб қўйилгани, у ерга номаълум юклар туширилгани ва ортилгани ҳақида хабар берганди.
Изоҳ (0)