Москвада Ўзбекистон ва Россия ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди.
ТИВ маълумотига кўра, делегацияларга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов ва Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин бошчилик қилди.
Музокараларда бўлажак икки томонлама тадбирларга тайёргарликнинг бориши, энг аввало сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди. Халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки томонлама алоқаларнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштиришга қаратилган янги ташаббус ва таклифларни ишлаб чиқиш учун ташқи ишлар вазирликлари ўртасида мунтазам алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.
Изоҳ (0)