“Сармат” стратегик ракета мажмуаси жанговар навбатчилик ҳолатига ўтказилди. Бу ҳақда “Роскосмос” давлат корпорацияси бош директори Юрий Борисов маълум қилди.
“Роскосмос” тақдимоти билан танишган “ТАСС” агентлиги маълумотларига кўра, ушбу мажмуа 2024 йилда жанговар навбатчиликка қўйилиши мўлжалланган.
“Сармат” — қитъалараро баллистик ракетага эга комплекс бўлиб, катта кучга эга ядровий ва гипертовушли ўқ-дориларни ташишга қодир. Ракетанинг эълон қилинган старт оғирлиги 200 тоннадан ошади, парвоз узоқлиги — 18 минг километр. “Сармат” советларнинг 11 минг километр масофага учишга қодир “Воевода” тизимини алмаштириши керак — у Россия арсеналидаги энг кучли стратегик ракетадир.
“Сармат” мажмуаси Россия президенти Владимир Путин томонидан 2018 йилда Федерал мажлисга йўллаган мурожаатида тақдим этилган. Путиннинг таъкидлашича, узоқ парвоз масофаси “Сармат”га кўп сонли ядровий қуролни олиб юриш, шунингдек, “Шимолий ва Жанубий қутблар устидан учиб, дунёнинг исталган нуқтасидаги нишонларга зарба бериш имконини яратади”. Компьютер тақдимоти видеосида ракета Шимолий қутб орқали Шимолий Америка томон учган эди.
Шу билан бирга, мавжуд маълумотларга кўра “Сармат” атиги бир марта муваффақиятли синовдан ўтказилган. 2022 йил апрель ойининг охирида, Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан кўп ўтмай Россия Мудофаа вазирлиги Архangelsк вилоятидаги Плесецк космодромидан “Сармат” ҚБР муваффақиятли учирилганини эълон қилди. 2023 йил февраль ойида АҚШ президенти Жо Байден урушнинг бир йиллиги муносабати билан Киевга ташриф буюрган куни Россия “Сармат”ни муваффақиятсиз учирган бўлиши мумкинлиги маълум бўлган эди.
Изоҳ (0)