Номини Х’га ўзгартирган Twitter ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларнинг биометрик маълумотларини йиғишга қарор қилди, деб ёзмоқда Bloomberg.
“Хавфсизлик, ҳимоя ва идентификация мақсадида сизнинг розилигингиз билан биометрик маълумотларингизни тўплашимиз ва улардан фойдаланишимиз мумкин”, — дейилади ижтимоий тармоқнинг янги махфийлик сиёсатида.
Х компанияси ўз сиёсатида биометрик маълумотлар айнан нималардан иборат бўлишига аниқлик киритмаган, бошқа компаниялар бу атамани юз тасвири, кўзнинг ранг пардаси ва бармоқ излари учун ишлатади.
Х махфийлик сиёсатидаги яна бир бандга кўра, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларнинг иши ва таълими, шунингдек, уларнинг малакаси ҳақидаги маълумотларни тўплайди, бу уларга вакансия тавсия қилиш ва агар фойдаланувчи иш излаётган бўлса, потенциал иш берувчиларни хабардор қилиш учун керак, дейилади хабарда.
Х компаниясининг вакили махфийлик сиёсати ўзгартирилганини тасдиқлади, аммо тафсилотларни келтирмади.
Маск Twitter’ни “супер апп”га айлантирмоқчи
Twitter’ни сотиб олиб, унинг номини Х’га ўзгартиргандан сўнг, миллиардер Илон Маск ижтимоий тармоқни “супер апп”га айлантирадиган ўзгаришларни эълон қилди, бунда дастур кўплаб функцияларни ўз ичига олади – тўловлардан тортиб фойдаланувчилар ўртасидаги қўнғироқларгача.
31 август куни ижтимоий тармоқнинг махфийлик сиёсатига ўзгартиришлар киритилгани ҳақидаги хабарлар фонида Маск Х фойдаланувчилари тез орада телефон рақамидан фойдаланмасдан аудио ва видео қўнғироқларни амалга ошириши мумкинлигини маълум қилди. Қўнғироқлар iOS, Android қурилмалари, шунингдек, Mac ва шахсий компьютерлар учун очиқ бўлади.
Август ойи охирида Х криптовалюталар билан ишлаш учун ҳам лицензия олди. Бу билан компания келажакда дастурга фойдаланувчиларга криптовалюталарни бир-бирига ўтказиш имконини берувчи функцияни қўшиши мумкин.
Изоҳ (0)