Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолиятини баҳолаш, тоифалари (гуруҳлари)ни белгилаш ҳамда рағбатлантириш тартиби жорий этилиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ҳужжат билан давлат театрлари ва концерт мауассасалари фаолиятини баҳолаш рейтинги белгиланмоқда. Энг юқори баҳо — 100 балл. Рейтингдан келиб чиқиб улар тоифа (гуруҳ)ларга тақсимланади.
Маълумот учун, тоифа (гуруҳ)га қараб ходимларнинг базавий ойлик маоши миқдори белгиланади.
Давлат театрлари ва концерт муассасалари учун 8 та мезон ўрнатилмоқда, улар қаторида — янги спектакллар сони, шахсий бино ва техниканинг мавжудлиги, веб-саҳифани юритилиш ҳолати ва бошқалар (тўлиқ рўйхат билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин).
Мисол учун, 100 баллни тўплаш учун давлат театри:
- йилига камида 4 та янги спектакл қўйиши;
- жорий рэпертуарда камида 25 спектаклга эга бўлиши;
- бир йилда камида 240 спектакл қўйиши;
- камида 2 та халқаро ва 6 та республика миқёсидаги гастрол ташкил этиши;
- зални ўртача камида 70 нафар томошабин билан тўлдириш;
- муассасанинг умумий харажатларига даромадлар улуши 15 фоизни ташкил этиши;
- веб-саҳифасининг камида 80 фоизга юритилиши.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2023 йил 26 августдан кучга кирди.
Февраль ойида Ўзбекистонда тиббиёт муассасалари фаолияти KPI тизими асосида баҳолаб борилиши тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)