Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Туркманистоннинг янги элчиси Шадурди Мередовдан ишонч ёрлиқлари нусхасини қабул қилиб олди. Бу ҳақда вазир ўзининг Telegram’даги канали орқали маълум қилди.
“Сўнгги йилларда алоқаларимиз мисли кўрилмаган даражада кенгайганига гувоҳ бўлдик. Эришилган ютуқлар талайгина, янада кўпроғи эса ҳали олдинда. Жаноб элчига мамлакатимиздаги фаолияти мобайнида муваффақиятлар тилаймиз”, — деб ёзади Бахтиёр Саидов.
Август бошларида Шадурди Мередов Туркманистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинлангани тўғрисида хабар берилганди.
Июль ўрталарида Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Язгули Маммедов бошқа ишга ўтгани муносабати билан лавозимидан бўшатилган эди. Язгули Маммедов 2018 йил июль ойида Ўзбекистондаги элчи этиб тайинланган эди. Бунгача у Туркманистоннинг Малайзия, Бруней-Доруссалом давлати, Индонезия ва Таиланддаги элчиси лавозимларида ишлаган. Язгули Маммедов 2012—2018 йилларда Туркманистоннинг Тошкентдаги дипломатик ваколатхонасини бошқарган Шири Шириев ўрнини эгаллаган.
Изоҳ (0)