Ижтимоий тармоқларда автобуслар ёнилғи қуйиш шохобчаларида навбатда туриб қолгани акс этган видеолар тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлди. “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ мазкур ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Унда айтилишича, айрим ёнилғи қуйиш шохобчалари ёпилгани муносабати билан, “Тошшаҳартрансхизмат” тасарруфидаги автобуслар табиий газ билан таъминлаш учун бошқа ёнилғи қуйиш шохобчаларига юборилган. Бу эса ёнилғи қуйиш шохобчаларида навбатлар пайдо бўлишига олиб келган.
Мазкур масалани ҳал этиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлигида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ иштирокида тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, пойтахтдаги мавжуд ёнилғи қуйиш шохобчаларида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тасарруфидаги автобуслар учун қўшимча ёнилғи қуйиш станциялари ажратилгани ҳамда табиий газда ҳаракатланадиган автобусларнинг узлуксиз ишлаши бўйича барча чора-тадбирлар кўрилаётганини маълум қиламиз, — дейилади хабарда.
Бундан аввал Энергетика вазирлиги метан заправкаларга газ етказиб бериш чеклангани ҳақидаги хабарларни рад этганди. Вазирлик матбуот хизмати барча метан заправкаларга август ойи учун ҳам уларнинг талабларига асосан белгиланган лимитга кўра, табиий газ тўлиқ етказиб берилгани, ҳеч қандай чеклов киритилмаганини маълум қилганди.
Изоҳ (0)