Тарих бўйича фалсафа доктори Феруза Иззат YouTube’даги “Қурултой” лойиҳасидаги суҳбатда 1959—1983 йилларда Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби бўлган Шароф Рашидов шахсияти ва сиёсий фаолияти ҳақида гапириб берди. Суҳбатда айтилишича, олима Шароф Рашидовнинг шахсияти ва сиёсий тарихи бўйича илмий иш олиб борган. Қуйида Феруза Иззат таҳлил қилган мавзуни эътиборингизга ҳавола этамиз.
“Шароф Рашидов ҳақида икки хил қараш бор”
Шароф Рашидовнинг ҳаёти худди Совет иттифоқининг туғилиши, оёққа туриши ва аста–секин чўкишига ўхшайди. Чунки улар бир йилда, яъни 1917 йил 6 ноябрда туғилишган. 7 ноябрдаги инқилоб Совет Иттифоқи тузилишига биринчи қадам бўлган дейишимиз мумкин.
Рашидовнинг болалик йиллари Совет Иттифоқининг илк йилларига тўғри келади. Айни кучга тўлган ва ҳокимиятга келган йиллари Совет Иттифоқининг ҳам энг чўққига чиққан йиллари бўлади. Совет Иттифоқи бутун ер юзида ўзининг ўрнига эга бўла бошлаган, сиёсий майдонда катта кучга эга бўлган давр. Ва умрини сўнги йилларидан кейин биламиз, Ўзбекистонда ҳам “пахта иши”, ундан кейин Совет иттифоқининг сўнгги йиллари... Назаримда, Шароф Рашидовнинг ўлими билан Совет иттифоқи ҳам аста-секин парчалана бошлаган. Йўқ бўлишга қараб кетган. Шу тарафдан бу қизиқ бир шахсият.
Совет Ўзбекистонида 24 йил 1-котиби бўлиб, яъни Ўзбекистоннинг энг биринчи мақомида қола олган сиёсатчи. Бу шахсият ҳақида икки хил қараш бор. Ҳозирга келиб, “у инсон миллий қаҳрамон, Ўзбекистоннинг мустақиллиги учун ўша даврда тамал тоши қўйган”, деганлар ҳам мавжуд. “Йўқ, бу Москванинг одами, Москвани хизматчиси”, дейдиганлар ҳам бор. Яъни ҳар доим ҳам икки хил қарашга соҳиб бўлган ҳукмдорлар қизиқ бўлган. Шунинг учун ҳам илмий ишимни Рашидов шахсияти, сиёсий тарихи бўйича олиб бордим.
Шароф Рашидов аслида педагог. Жиззах педагогик техникумида таҳсил олган. Кейин кўп йиллар газетада ишлаган. Ижод билан шуғулланган. Кўплаб романлари, пьесалари ва шеърий тўпламлари бор. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг раҳбари бўлиб ишлаган ва у ердан сиёсатга кириб келган. Яна бир қизиқ томони, Ўзбекистон Олий президиумига раислик қилган.
Ўша даврда Ўзбекистондаги энг катта мақом (лавозим) — Ўзбекистон Компартиясининг биринчи секретари бўлган. Ундан кейин Вазирлар кенгаши раиси турган. Учинчи ўринда президиум раиси бўлган.
“Орзуси пенсияга чиқиб, кўпроқ ёзувчилик қилиш бўлган”
Шароф Рашидов ижодкорлар оиласидан. Таниқли шоир Ҳамид Олимжон унинг холаваччаси эди. Шароф Рашидов хотираларида ёзилишича, у биринчи секретар этиб сайланган куни уйига келиб болаларини уйғотади. Болаларига: “Энди буёғига яхши ўқишинглар ва ўрнак бўлишинглар керак. Чунки уйда тартиб бўлмаган жойда ташқарида ҳам бўлмайди. Ҳамманинг кўзи сизларда”, дея насиҳат қилган. Ўшанда аёллари: “Жуда ҳам оғир вазифани бўйнингизга олибсиз”, деганида “Қўйишмади, 4-5 йил шу мақомда бўламан ва ёзувчилигимга қайтаман”, дея жавоб берган.
Шароф Рашидовда доим ёзувчиликка қайтиш истаги бўлган. Буни укалари берган интервьюларда ҳам кўрганмиз. Орзуси пенсияга чиқиб, яна ҳам кўпроқ ёзувчилик билан шуғулланиш эди.
“Тошкентни Рашидовнинг шоҳ асари дейишган”
Шароф Рашидовнинг сиёсий карьерасига қарасангиз, унга айрим воқеалар кучли таъсир қилган. Биринчи навбатда, зилзила (1966 йилда Тошкентда вайронкор зилзила юз берган-таҳр) албатта. Зилзиладан кейин Рашидов Леонид Брежневдан (1964—1982 йилларда СССР раҳбари) қўлидан келганча кўпроқ маблағ олган ва бунёдкорлик ишларига бошчилик қилган. Ҳозирги Тошкентни ҳам яқин-яқингача Рашидовнинг шоҳ асари деб айтиларди. Тошкент қайтадан совет услубида қурилган бир шаҳар. Унда ҳақиқий совет руҳиятини кўрса бўлади.
Рашидов даврида метро, телеминора, “Халқлар дўстлиги” санъат саройи, Тарих музейи қурилган. Унинг даврида янги вилоятлар, шаҳарлар, янги конлар пайдо бўлган.
Ҳозирда қизлари, ўғиллари ҳаёт. Кўрган-билган одамлар уларнинг жуда камтар эканини айтишади. Масалан, Шароф Рашидовнинг қизлари Москвага бориб ўқиб келишган. Ҳаттоки оддий талабалар яшайдиган ётоқхонада яшашган. Бир икки нафар Москвада ўқиган аспирантлар билан гаплашдим. Улар ҳам эслашди: “Бир қизини кўрганмиз, эл қатори дарсга келиб ўтирган. Танаффусда бир оз суҳбатлашганмиз. Жуда ҳам камтар бўлган”, дейишди. Баъзилар Рашидовнинг қизи ўша ерда ўқиётганини ҳам билмаган.
“Пахта иши”нинг илдизлари ҳақида
Биз тушунишимиз керакки, Рашидов кучли сиёсатчи, лекин давлатни 100 фоиз ўзи бошқарадиган сиёсатчи эмас. Унинг учун энг қийин масала ҳам Москвани, ҳам қўл остидагиларни рози қилиш бўлган.
“Пахта иши”нинг илдизларини Брежнев ва Рашидов орасидаги муносабатларга тақасак бўлади.
1974 йилда Ўзбекистон 5 миллион тонна пахта топшириб, “план”ни ортиғи билан бажаради. Аслида режада 1,5 миллион тонна белгиланганди. Лекин об-ҳаво жуда яхши келиб, ҳосил ортиғи билан топширилган. Кейин Брежнев ўзи келган ва мукофот берган.
1976 йилда Тошкентда компартия съезди бўлган ва ўша ерда Рашидов: “Бундан буёғига ҳар йили 5 миллион тонна пахта берамиз, 1983 йилга чиқиб, 5,5 миллион тоннага чиқарамиз”, деган пайтда Брежнев ҳам мажлисда бўлган ва Рашидовга “Ундан ҳам кўпайтиришнинг иложи йўқми? 6 миллион тонна қила олмайсизларми?”, деб сўраган.
Шу билан Рашидов, “ҳаракат қиламиз”, деган. Энди йўқ, деб бўлмайди-ку. Рашидов Брежнев билан яқин алоқада бўлган. У жуда яхши сиёсатчи эди. Қаерда қандай гапириш, қандай ҳаракат қилиш кераклигини жуда яхши билган. Аммо ўша пайтда ҳамманинг олдида “йўқ, бўлмайди, қила олмаймиз”, дея олмаган. Фожиа ўшандан бошланган.
Чунки ўзи умуман пахтани биз учун катта фалокат деб биламан. Ўзбекистон нисбатан шимолий минтақа ва пахтачиликка ихтисослашган минтақа эмас аслида. Сув ҳам кўп эмас. Мана Орол фожиаси ҳам айнан пахта етиштиришга ихтисослаштирилмаганимиз учун келиб чиқди.
Пахта ҳосили об-ҳавога жуда ҳам боғлиқ. Фикримча, Ўзбекистонни пахта республикасига айлантирилгани жуда катта хато бўлган. Чунки бу кўплаб фожиаларга олиб келган. Ҳалигача Орол фожиасининг экологик таъсирини кўриб турибмиз.
Рашидов ўша пайтда қаттиқ туриб, йўқ, қила олмаймиз деганда балки, бунақа бўлмасди, деб ўйлайман. Рашидов пахтани қўшиб ёзишларни билмаганми, деган савол пайдо бўлади. Бунчалик катта миқдордаги қўшиб ёзишларни билмасликнинг иложи йўқ. Ҳаттоки Брежнев ҳам билган. Совуқ уруш даврлари ҳамма СССРга кўз тикиб турган пайт ҳар бир ҳужжатлар жуда яхши кузатиб турилган.
Пахтадан, биз биламиз, саноат, кийим-кечак учун фойдаланилади. Аммо фақат шунинг ўзи эмас. У даврда пахтадан порох ҳам ишлаб чиқарилган. Пахта порохи СССРнинг қуролли кучларида асосий хом ашё ҳисобланган. Балки, ғарбнинг кўзига пахтани кўп етиштирди, деб кўринишга уриниш бўлгандир. Яъни пахтани кўпайтирса, порохни ҳам кўп ишлаб чиқаряпти, деб ўйлашади, дейилган. Ғарбнинг кўзига кучли давлат бўлиб кўриниш учун Брежнев ҳам қўшиб ёзишларга кўз юмган деб ўйлайман.
“Рашидов авлиё эмас”
СССР даврида Рашидов ҳам анча кучга, ҳурматга эга инсон бўлган. Брежневга йўқ деса, бўлмасди. Балки, қила оламиз деб ҳақиқатан ишонгандир. Чунки у пайтда пахтачилик институтлари, ҳосилни янада ошириш учун олимлар ишлаган. Яъни Рашидов авлиё эмас, уни миллий қаҳрамон, дея олмаймиз. Жуда мураккаб шахс. Болаларни ишлатиш, пахта далаларида одамларнинг устидан дорилашнинг ҳаммаси Рашидов даврида бўлган.
Москванинг қаттиқ тизимига қаттиқ туриш осон бўлмаган. Москвадаги режалаштириш бюросининг раиси Бойбаков деган одам бўлган. У ёзган хотираларга қарасангиз, “Брежнев даврида бутун Совет иттифоқида иқтисодни яхши тушунган икки нафар мутахассис бўлса, бири Касиген (ўша даврдаги Вазирлар маҳкамаси раиси), иккинчи Рашидов”, деган. Ўзи ижодкор инсон бўлишига қарамасдан, иқтисодни яхши билган, тушунган дейишади. Шундай одам қўшиб ёзишларни билмаган дейиш нотўғри.
Ўзи “пахта иши” деймиз. Билмаган одам ўйлайдики, ҳа шу битта кейс бўлган “пахта иши” деб аталган, шу билан кўпчилик “кетиб” қолган. Йўқ, аслида майда майда, кўп сонли пахта билан боғлиқ жиноятларни Рашидовдан кейин (1983 йилда вафот этган) матбуотга “пахта иши” деган умумий ном остида чиққан. “Пахта иши” аслида битта иш эмас, жуда кўп иш. Унинг ичида жуда катта қонунбузарликлар ҳам бўлган.
Менга қизиқ бўлгани, нега айнан Ўзбекистон? Бутун иттифоқ бўйича ҳақиқатан Ўзбекистон шунчалик коррупция ботқоғига ботиб кетганми, деган савол қизиқтирди. Аслида қарайдиган бўлсангиз, фақат Ўзбекистон эмас, ҳали Рашидовдан, “пахта иши”дан ҳам олдин, Брежнев даврида Озарбайжонда, Грузияда жуда катта коррупсион схемалар, можаролар бўлган.
Менимча, Ўзбекистондаги пахта ишига Брежневнинг вафоти ва Юрий Андроповнинг (1982—1984 йилларда СССР раҳбари) келиши сабаб бўлган. Андропов “КГБ”дан чиққан одам ва унинг иш услуби тинтиш, текшириш, жазолаш бўлган.
Аслида Рашидов даврида “пахта иши” бўлмаган. У Рашидовнинг вафотидан кейин 1985—1986 йилларда чўққига чиқди. Схемаларни қарайдиган бўлсангиз, 5 йилнинг ичида камида 5 миллион тонна пахта қўшиб ёзилган. Яъни йўқ пахта, рўйхатга бор деб ёзилган.
Шароф Рашидовнинг ўлими
У даврда Москванинг одамлари ҳар хил яшаган. Бизнинг сиёсатчилар ўта “люкс” шароитда яшамаган. Камтарлик бўлган. Рашидовнинг маоши катта бўлган ва пулга эҳтиёжи бўлмаган. У даврда барча одамлар Москва назоратида эди ва ҳеч ким жуда бой бўлиб кета олмаган.
Шароф Рашидовнинг ўлими долзарб масала ва бу ҳақда кўп фикрлар бор. Тарихчи бўлгач, қўлингиздаги манбаларга, фактларга таянасиз. Рашидовнинг тан соқчиси бўлган. У умрининг охирги йилларида берган маълумотларга қараганда Рашидов инфаркт бўлиб вафот этган. Бунга сабаб сифатида Андроповнинг Рашидовга қанақадир ультиматум қўйгани бўлиши мумкинлиги келтирилган. 1980 йилларда Хоразм “план”ни биринчи бажарганда Рашидов хурсанд бўлиб, Андроповга телефон қилади, мана “план”ни Хоразм бажарди деса, Андропов табрик ўрнига “биз буни ҳали текширамиз”, деган. Рашидов бундан сиқилган. Буни кўпчилик айтади. Ўша куни кечқурун жони узилган дейилади.
Қизлари ва набираларининг хотиралари чиққан ва улар турлича версияларни беришган. Масалан, ўша даврда Ҳайдар Алиев (Озарбайжон раҳбари-таҳр.) Ўзбекистонга келган, у пайтда Рашидов Хоразм ва Қорақалпоғистонда бўлган. Алиев келяпти деб Тошкентга учган. Ўша ерда суҳбат бўлган. Алиев Рашидовга қарши қанақадир компроматлар бўлаётгани, Андропов уни ишдан олиб ташлаш режаси борлиги ва эҳтиётингни қилгин, деган маънода гапирган ва Рашидов ўлимига ўша суҳбат сабаб бўлган, дейишади.
Тан соқчисига кўра, Алиев билан учрашгандан кейин Рашидовни жуда яхши кайфиятда бўлгани, бир нарсадан хавотирга келмагани, ҳатто машинада кайфияти яхшилигидан “мулло Саъдулло, бир радио қўйинг-чи”, дея яхши кайфиятда кетганини айтади.
Қизиқ тарафи, Ёдгор Насриддинованинг (Рашидовнинг энг катта рақибаларидан бири бўлган) хотираларида Рашидов ўзини отиб ўлдиргани келтирилади. Ўзим инфаркт туфайли вафот этган бўлса керак, деб ўйлайман.
“Рашидов коммунистик режим етиштирган сиёсатчи”
Охирги хулосаларим шуки, Шароф Рашидов коммунист, давр етиштирган бир сиёсатчи. Масалан, жадидларга ўхшаган эмас. Жадидлар бошқа бир даврдан Ўзбекистонни ташкил этиш жараёнида иштирок этган ва кейин режимга тўғри келмай “тозаланган” одамлар. Лекин Рашидов режим етиштирган инсон. Ва албатта, Москвага содиқ бир инсон. “Йўқ, у Москвага эмас, ўзбекларга кўпроқ содиқ бўлган”, дея олмайсиз. Борини борича кўриш керак. Лекин шунга қарамасдан ватанпарвар ҳам. Ўз республикаси учун қўлидан келганини қилган, деб ўйлайман. Шароф Рашидовнинг фожиаси балки, қаттиқ принципда туриб, ўша даврда Брежневга “йўқ”, дея олмаганидадир дейишимиз мумкин.
Ва албатта, даврни оқими ҳам таъсир қилган. Дейлик, Брежневнинг ўлими, Андроповнинг келиши бўлмаганда ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди. Лекин тарихда бунақа гипотеза тўғри эмас аслида. Шу ишлар ҳам жараёнга таъсир қилган. Бу шахсият ҳақида қалбимда илиқ бир нарса қолди. Лекин “100 фоиз оппоқ, ҳамма айб Москвада, Москва қилган ҳаммасини”, дея олмайман. Бир оз қаттиқ тура олиши ҳам мумкин эди.
Изоҳ (2)
феруза Иззат, ким. у хакида малумот беринг
Кайсидир инсон келгусида профессор, олим булиб етишиб Узбекистонга умуман илм фанга катта хиссасини кушган инсон, талабалик даврида узини рафикасига хат йулланган, уша хатида айтган экан мен учун энг кийин фан атеистлик фанидан имтихондан утдим, худога шукур деган эканлар. Менимча хали куп изланиш керак