Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида салкам 3 кг гиёҳванд модда сақлаб келган фуқарога жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар берди.
Маълум бўлишича, ҳолат Қашқадарё вилоятидаги ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган “Қорадори-2023” тадбирида фош этилган.
Аниқланишича, Китоб туманининг “Ҳамид Олимжон” маҳалласида яшовчи 49 ёшли фуқаро Б.М.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида, уйидан 2 кг 700 гр миқдоридаги марихуана гиёҳвандлик моддаси топилди. Шунингдек, фуқаро ўз хонадонида 5 туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигини ҳам парваришлаб келаётгани аниқланиб, холислар иштирокида тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Китоб тумани ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 270 ва 25,273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)