Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан “Тапентадол” оғриқ қолдирувчи дори воситаси Ўзбекистонда муомаласи чекланган гиёҳвандлик воситалари рўйхатига киритилди.
Ушбу дорининг қуйидаги ўлчамлари (граммда) ноқонуний муомалада бўлса, жиноий ҳаракат сифатида баҳоланади:
- кичик — 0,5 грамм;
- кичикдан кўпроқ — 0,5—5 грамм;
- йирик — 5 граммдан ортиқ.
“Тапентадол” опиоид наркотик аналгезик бўлиб, морфин ёки оксикодон сингари онкологик касалликларда ўртача ва кучли оғриқ қолдирувчи восита ҳисобланади. Турли хил препаратларда мавжуд бўлган ушбу модда гиёҳвандликка олиб келиши, суиистеъмол қилиниши ёки нотўғри қўлланиши мумкин. Уни нотўғри ишлатиш ёки суиистеъмол қилиш дозани ошириб юбориш ва ўлимга олиб келиши мумкин.
Ушбу рўйхатга трамадол, кокаин, морфин ва бошқалар киради (жами 54 та дори).
Бундан ташқари, ушбу соҳада назоратни кучайтириш ва уларнинг божхона чегараси орқали ўтиш жараёнини ўз вақтида расмийлаштириш мақсадида ҳукумат томонидан ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси (ТN VED) таъсир этувчи моддалар кодлари жорий этилмоқда.
Кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхати (жами 79 номда) эпилепсия ва периферик нейропатик оғриқларни (нервлар шикастланганда пайдо бўладиган сурункали оғриқ) даволаш учун мўлжалланган дорилар гуруҳига кирувчи “Габапентин” билан ҳам тўлдирилади.
Июнь бошларида соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан Фармакологик ёки дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ўтказиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланганди. Шунингдек, 2023 йил 1 майдан дорихоналарда сотилган дори воситалари ва тиббий буюмлар учун белгиланган устамалардан юқори маблағ олингани аниқланса, ортиқча пулни истеъмолчига қайтариш тизими ишга туширилиши тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)