Мисрдан гепатит C га қарши дори воситаларининг ўн тўртинчи партияси Ўзбекистонга етказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Маълум қилинишича, 19 август куни жами 80 дона қутида 1280 та “Даклатасвир-60 мг” дори воситалари олиб келинди. Ушбу дорилар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан шифоталаб беморларга тақсимланади.
Ушбу тадбир президентнинг 2023 йил 20-21 февраль кунлари Мисрга расмий ташрифи ҳамда икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ўтказилган музокаралар чоғида тузилган шартномаларга мувофиқ амалга оширилмоқда.
Қайд этилишича, Миср гепатитнинг B ва C тури вирусларига қарши курашда дунё миқиёсида сезиларли муваффақиятларга эришган. Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакат аҳолиси ушбу касалликдан бутунлай фориғ этилган бўлиб, Миср олимлари бу борадаги тажрибасини ўзбек мутахассислари билан ўртоқлашишга тайёр.
Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси хабарига кўра, Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги 5—8 сентябрь кунлари Қоҳирада ўтказиладиган “Аҳоли, саломатлик ва ривожланиш бўйича глобал конгрес” ишида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов иштирок этишини кутмоқда. Ушбу ташриф доирасида ўзаро ҳамкорлик кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.
Ушбу дори воситаларини етказиб бериш 29 апрель куни бошланганди. 12 август куни дориларнинг 13-партияси етказиб берилди.
Изоҳ (0)