АҚШ президенти Жо Байден Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевга 11 август куни мактуб йўллади ва уни Нью-Йоркка таклиф қилди. Тегишли мактуб Forbes нашри томонидан эълон қилинди.
Байден мактубда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик мустаҳкамланаётгани учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди, шунингдек, ўтган йил давомида мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганини қайд этди.
Бундан ташқари, у Саида Мирзиёеванинг 2023 йилда Вашингтонга қилган ташрифини алоҳида тилга олди.
“АҚШ сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларингизни қатъият билан қўллаб-қувватлайди. Қизингиз Саидани шу йил бошида Оқ уйда кутиб олиш шарафига муяссар бўлдик. Унинг фаолияти ва сизнинг гендер тенглиги ҳамда оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарликка тортишга бўлган қатъийлигингиз таҳсинга сазовордир”, деб ёзади у.
Шунингдек, АҚШ раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг бўлажак йиғилишини интиқлик билан кутаётганини айтди. Мактуб якунида Байден Шавкат Мирзиёевни жорий йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеяси йиғилиши ва C5+1 учрашувида иштирок этишга таклиф этган.
“Унда биз халқларимиз ҳаётидаги энг муҳим вазифаларни ҳал этишда муваффақиятга эришамиз. Умид қиламанки, сиз мен ва бошқа етакчиларимиз билан биргаликда хавфсизлик, иқтисодий ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадларига эришиш йўлида қандай қилиб биргаликда ишлашни давом эттиришимиз мумкинлигини муҳокама қилиш учун сентябрь ойида C5+1 расмий учрашувида иштирок этасиз”, — деган Байден.
Изоҳ (0)