Бундан 26 йил олдин 31 август куни ёш аёл Париждаги Алма кўприги остидаги туннелда автоҳалокатга учрайди. Бир неча соатдан кейин у шифохонада вафот этади. Уни қизлигида Диана Спенсер деб чақиришган, турмушга чиққач эса ҳазрати олиялари Уэлс маликасига айланган, ажрашганидан кейин — Диана, Уэлс маликаси, ўлимидан кейин — халқ маликаси бўлди.
26 йил — улкан муддат. Бу вақт оралиғида вафот этган кўплаб машҳурлар унут бўлиб кетади, аммо Дианага бўлган қизиқиш камайган эмас. Унинг ҳаёти бойлик, шон-шуҳрат ва гўзалликни ўзида бирлаштирган афсоналарга айланиб кетди. Ҳар бир инсонда учраши мумкин бўлган ижобий характерга эга ҳақиқий Диана эса афсоналар ичига ғарқ бўлди. Бироқ ёрқин сурат ортига қараш орқали чиройли ва қайғули эртакдан кўра, унинг ҳаёти анча кўп қиррали ҳамда қизиқ бўлганини кўриш мумкин. “Дарё” “100 буюк инсон” доирасида малика Диананинг ҳаёти ҳақида маълумот беради.
Малика Диана эмас, балки Диана, Уэлс маликаси
Ҳамма Дианани “малика Диана” деб аташга шу қадар ўрганиб қолганки, ҳеч ким бундай мурожаат аслида тўғрими деган савол ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Бу қўшилувчининг ўрни ўзгариши қийматга таъсир кўрсатадиган ҳолат. Исм олдида келадиган “малика” унвони гап монарх, ёки унинг қизи/меросхўри ҳақида гап кетаётганини англатади.
Қиролича Елизавета II нинг қизи — малика Анна. Диана никоҳдалигида “Диана, Уэлс маликаси” дея чақирилган. Кейт Миддлтон шаҳзода Уилямга турмушга чиққанидан кейин герцогиняга айланди. Турмуш ўртоғи Уэлс шаҳзодаси унвонини олса, у малика Кетрин эмас, балки “Кетрин, Уэлс маликаси” дея чақирилади. Бу шунчалик муҳим аҳамиятга эгами? Умуман олганда йўқ, лекин бу ҳақиқатга тўғри келмайдиган гап-сўзларнинг узун рўйхатидаги биринчи ҳолат.
Халқ маликаси, аммо халқдан чиққан малика эмас
Шаҳзода Чарльз “оддий” қизга уйланган деган фикрга бориш хато. Афсуски, у турмуш ўртоғининг насл-насаби муҳим аҳамият касб этадиган қироллик оиласининг охирги авлоди ҳисобланади. Маликаликка номзод аристократларга алоқадор бўлиши ва бошқа эркаклар билан “ўтмиши бўлмаслиги” лозим эди. Диана Спенсер хоним бўлса ҳар икки талабга ҳам жавоб берарди. Бунинг устига унинг томирларида қонуний никоҳ орқали бўлмаса-да, қироллик қони оқар эди.
Биринчи граф Жон Спенсер ўз унвонини 1765 йилда қўлга киритган. Унинг қизи Жоржиана Спенсер герцог Девонширга турмушга чиққан. Диана, шунингдек, Уинстон Черчилл ва сермуҳаббат қирол Карл II билан ҳам қариндош ҳисобланади, чунки унинг аждодлари орасида икки нафар беникоҳ туғилган ўғил бор: Генри Фисрой ва Чарльз Леннокс. Бундан келиб чиқадики, унинг аждодларидан бири Карлнинг бувисини бувиси — Мария Стюарт бўлган.
Бунинг устида Диана ва Чарльз бир-бири билан узоқ қариндош — Генрих VII нинг қизларига бориб тақалишади: Яков IV га турмушга чиққан Маргарет ва Чарльз Брендоннинг рафиқасига айланган Мери. Унинг акаси Елизавета II нинг чўқинтирган ўтаси эди, бувиси — Георг V нинг рафиқаси қиролича Мерининг фрейлиналаридан (дворян оиласидан чиққан аёл) бўлган.
Британия аристократияси бўйича барча шажарани тўплаш билан шуғулланувчи Burke’s Peerage нашри консултантларидан бири Time журналига шундай деганди: “қироллик оиласи билан Спенсерлардан кўра яқинроқ боғланган бошқа оила йўқ”.
Шундай экан ҳеч нарсадан бехабар Диана гул ва қимматбаҳо тақинчоқлар билан безантирилган ҳолда меҳробга олиб келингани ҳақидаги гап-сўзлар ҳақиқатга тўғри келмайди: у қироллик оиласи вакили эканини жуда яхши биларди. Бошқача айтганда, Диана ўзини аутсайдерлардай тутган инсайдер эди — бунда матбуот ҳам унга улкан ёрдам кўрсатган.
Диана уятчан эдими?
Кўпчиликнинг нуқтаи назарига кўра, Диана умуман диққат марказида бўлишни истамаган, лекин ўз вазифаларининг бир қисми сифатида омма олдида чиқиш зарурлигини мажбурликдан қабул қилган. Елизавета II нинг собиқ матбуот котиби Дикки Арбитернинг сўзларига кўра, аслида бундай бўлмаган. “У билан тўйдан уч ёки тўрт ҳафта олдин танишдим. Уни ‘Уятчан Ди’ деб аташарди, чунки одамлар билан гаплашганида бошини бир оз эгиб оларди. Аммо бу уятчанлигидан эмас, балки у ўзининг бўйи баландлигини биларди (178 сантиметр). Ўзи билан суҳбатлашаётган одамларга қулай бўлиши учун бошини туширарди”, — дейди Арбитер.
Диананинг укаси, граф Спенсернинг ҳам таъкидлашича, у “уятчан бўлмаган, бироқ янгидан танишган инсонлари қаршисида ўзини жиддий тутган… Суҳбатдошининг гапларига жавоб қайтаришдан олдин уни баҳоларди. Бу умуман уятчанлик эмас, балки зеҳни ўткирликдир”.
Диананинг хиёнат, ўз жонига қасд қилишга бўлган уринишлари ҳақидаги иқрорлари унинг ҳақиқатгўй қиёфасини шакллантирди. Аслида эса у ростдан ҳам ноаниқ муносабатларда бўлган. Бунинг аниқ мисоллари ҳам бор. 1995 йилда Диана BBC’нинг “Панорама” дастури бошловчиси Мартин Баширга интервью берганди. Қуйида ундан парча келтирамиз:
Башир: Қиролича 1992 йилни “даҳшатли” деб атади. Айнан шу йили Эндрю Мортоннинг сиз ҳақингизда ёзган китоби чоп этилганди (Diana: Her True Story). Сиз қачонлардир Эндрю Мортон билан учрашганмисиз ёки унга китобни ёзишда шахсан ёрдам берганмисиз?
- Диана: Мен у билан ҳеч қачон учрашмаганман.
- Башир: Аммо китобни ёзишда шахсан ёрдам бергансиз?
- Диана: Кўпчилик ҳаётим қанчалик азобларга тўлалигини кўрди ва улар мени қўллаб-қувватлашга қарор қилдилар.
Унинг ўлимидан кейин маълум бўлдики, малика Мортон билан шахсан учрашмаган бўлса-да, унга кўплаб иқрорлари битилган плёнкаларни берган ва бу китобнинг бестселлерга айланишига хизмат қилган.
Иккинчидан, Мортон ўз китобидаги маълумотларнинг асосий манбаси малика бўлганини очиқ-ойдин тан олганди. Бир сафар у шундай деган: “Ёзувчи ва телебошловчи Клайв Жеймс Диана билан тушликда китобни ёзишда менга ёрдам берган ёки бермаганини сўраганини айтиб берганди. Ва у камида бир маротаба (унга) ёлғон гапирган: ‘Эндрю Мортоннинг китобига ҳеч қандай алоқам йўқ’, деган. Бу сўзларни айтаркан суҳбатдошининг кўзларига тик қарагани унинг нақадар моҳирлик билан ёлғон сўзлай олишидан далолат беради”.
Шаҳзода Чарльз ўзининг биринчи рафиқасини севармиди?
Шаҳзода Чарльз Дианани севармиди ёки бахтга олиб келмаган оиласи сабаб юрагини Камилла эгаллаганмиди? Диана Чарльзни севармиди ёки уни қироллик ҳашамати “йўлдан оздирганмиди?” Америкаликлар айтганидек, бу миллион долларлик савол. Уларга жавоб йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас, чунки томонлардан бири вафот этиб кетган, иккинчиси эса олган тарбияси ва характери сабаб шахсий ҳаётини ошкор этмайди.
Британиянинг ITV телеканали томонидан Мартин Башир билан суҳбатга 25 йил тўлганида ишланган “Диананинг интервьюси: малика қасоси” ҳужжатли фильмига кўра, ўртада севги бўлмаган. Унда маликанинг астрологи Пенни Торнтон Диана тўйдан олдин Чарльз уни яхши кўрмаслигини айтганини маълум қилади: “Ўйлайманки, у келинга ёлғон гапиришни истамаган. У аввал бошидан ўрталарида айтилмаган гап қолмаслигини хоҳламаган ва бу қизни бутунлай яксон қилган”. Суҳбат давомида Пеннининг қўлида диктофон бўлмагани боис ҳақиқат олдингидек — номаълум.
Қироличанинг собиқ матбуот котиби Дикки арбитерга кўра эса тўйдан кейин ёш эр-хотин “бир-бирига тегинмаслик учун зўрға ўзини тутиб турган”.
“Мен 1981 йили биринчи расмий сафарларида улар билан бирга эдим. Диана 80 йил ичидаги биринчи Уэлс маликаси эди (Уэлснинг олдинги маликаси Елизавета II нинг бувиси, Георг VI нинг рафиқаси Мария Текская бўлган), шу сабабдан унга бўлган қизиқиш улкан эди. Чарльз бутун сафар давомида уни силаб-сийпалар ва бир сафар эркалаганди ҳам”.
Диананинг Мартин Баширга берган интервьюсидаги энг эсда қоларли жумла қуйидагича: “Бу никоҳда биз уч киши эдик…”. Бу оиланинг бузилишига Чарльз ва Камилланинг муносабатлари қай даражада таъсир кўрсатди, деган саволга жавоб эди.
ОАВ қурбонига айланган Диана
1980 йилдан бошлаб (шаҳзода Чарльзнинг қаллиғига айлангандан кейин) ва 1997 йилда вафот этгунига қадар Диананинг матбуот билан муносабати оддий кечмади. Ҳар қандай одам сингари унга ҳам яхши гапиришлари ёқарди ва танқидга чидай олмасди, журналист ҳамда сураткашлар ўзини таъқиб қилишларидан шикоят қиларди.
1992 йилда қироллик оиласи чокидан сўкилишни бошлаганда, эр-хотин муҳаббатининг энг машҳур рамзи — Тожмаҳал олдида “ёлғиз ва ташлаб кетилган” ҳолда ўтирган Диананинг сурати бутун дунёга тарқалди. Сурат ғоясини “ушлаб ололмаган” бирорта таблоид ёки бирор журнал қолмаганди: кимдир марҳум рафиқаси учун архитектура шедеврини қуради, бошқаси эса тириклайин ташлаб кетади. Кичик тузатиш: бу сафарга Диана ва Чарльз бирга чиққан аслида…
Жамият фикрида Диана канонизацияси фожиали ўлимининг эртаси кунидан бошланди. Аммо у тириклигида кўплаб журналистлар ва жамоатчилик Диана матбуотни ўз фойдаси учун нақадар моҳирлик билан манипуляция қилишини тушуниб турарди.
Умуман олганда, баъзи доираларда баҳс юзага келди, у охирги йилларда оилавий ҳолатини ёритиш орқали ОАВдан хинояткор эри ҳамда унинг оиласига қарши курашда фойдаланди. Тожмаҳалдаги суратни ҳам унинг шахсан ўзи тарқатганди. Ва бу Диана эрининг имижи ҳисобига ўзиникига безак берган ягона ҳолат эмасди. 1992 йилда отаси, граф Спенсер вафот этади. Чарльз унинг дафн маросимига ташриф буюриши кутилаётган эди. Гап унинг турмуш ўртоғини отаси бўлганида ҳам эмас, балки граф содиқ сарой аёни ва қироллик оиласига бегона бўлмаган шахслигида эди.
Диана бўлса эрига уни дафн маросимида кўришни истамаслигини айтади. Чарльзнинг ёрдамчилари олдинроқ бекор қилинган учрашувни қайта ташкил этишга мажбур бўлади — одамлар унинг маросимда йўқлигини ҳурматсизлик дея қабул қилмаслиги лозим эди. Аммо ҳатто маликанинг дўстлари ҳам у айнан шу мақсадни кўзлаган деб ҳисоблайди.
Таблоид газеталардан бирининг муҳаррирларига кўра, “у матбуотни доим ўзи учун ишлатган” ва Диана жуда яхши политтехнолог бўлган.
Диананинг ўлими бахтсиз ҳодиса эди
Диананинг ўлими қандай тергов қилингани, кимларни сўроқ қилишга тўғри келгани ва қандай тахминлар илгари сурилгани ҳақида алоҳида катта мақола ёзса бўлади. Аммо уни ўлдиришганини таъкидловчи инсонларни барибир ҳеч қанақа далиллар билан ишонтириб бўлмайди. Кимгадир маликанинг ўлими тафсилотлари қизиқ бўлса, BBC’нинг “Фитна назарияси” ҳужжатли фильмини кўриши мумкин. YouTube’да оригиналига яқин версия мавжуд.
Қисқаси, барча тахминлар ва қарши далилларни қуйидагича умумлаштириш мумкин:
Доди Фаёд (мисрлик миллиардер Муҳаммад ал-Фаёднинг ўғли) Дианага никоҳ узугини олиб беради, улар оила қурмоқчи эди. Йўқ, у узукни шунчаки совға сифатида олиб берганди. Диана дўстларига “биринчи никоҳдан қутилиб, дарров бошқасига сакраш ниятида эмаслигини” айтган.
Диана ҳомиладор бўлган ва Британия ҳукумати бўлажак қиролнинг укаси “чала мусулмон” бола бўлишига йўл қўя олмасди. Йўқ, у ҳомиладор бўлмаган. Диананинг яқин дугонасини айтишича, у Доди билан таътилга йўл олишдан олдин бир ҳафта вақт ўтказган ва аниқ ҳомиладор эмасди.
Диана ва Доди ичида бўлган машина ҳайдовчиси маст бўлмаган (француз терговчилари тасдиқлаганидек), балки уларни ўлдириш топшириғини олган махсус хизмат ходими эди, қон намуналари эса алмаштириб қўйилган. Ҳайдовчи маст бўлган, тегишли қон таҳлиллари буни исботлаган. Ҳайдовчини қони ота-онасининг ДНК билан ҳам солиштирилган ва қон намунаси алмаштириб қўйилгани тасдиқланмаган.
Ми-6 махсус чақнаш орқали ҳайдовчининг кўзини шамғалат қилган ва у бошқарувни йўқотган. Йўқ, Ми-6 да унақа қурилма бўлмаган, бунинг устига атрофда бўлган бошқа машиналарга нега зарар етмаган?
Тез ёрдам ходимлари атайдан Дианани шифохонага олиб боришни кечиктириш мақсадида, секин ҳаракатланган. Йўқ. Тез ёрдам ходимлари авария жойига олти дақиқада етиб келганди. Диананинг юраги тўхтаб қолади ва шифокорлар унга ёрдам кўрсатиш мақсадида қўлидан келган барча ишни қилганди. Уни секин олиб кетишганига сабаб бундай оғир жароҳатда озгина силтаниш ҳам оғир оқибатларга олиб келиши мумкин эди.
Бу вақтда энг ачинарлиси, агарда Диана хавфсизлик камарини таққан бўлганида омон қолиш эҳтимоли юқори бўларди. Диананинг яқин дугонаси бўлган Роза Монктон малика ўлими атрофидаги конспирологик назарияларни сафсата деб атайди. “Ўйлашимча, барча гап унинг ноодатий аёл бўлгани ва одамлар унинг бундай оддий ўлим топишига ишона олмаслигида”, — дейди у.
Изоҳ (0)