Британиялик миллиардер Ричард Бренсон томонидан асос солинган Virgin Galactic компанияси космик сайёҳлардан иборат биринчи экипажини коинот чегарасига олиб чиқиб, сўнг уларни ерга қайтарди. Парвоз компаниянинг YouTube каналида трансляция қилинди.
Парвоз фонида Virgin Galactic акциялари 1,92 фоизга ошиб, ҳар бир акция учун 3,44 долларни ташкил қилган. 2023 йил бошидан бери компания акциялари 3 фоизга арзонлашганди.
Экипаж таркибида Паркинсон касаллигидан азият чекаётган 80 ёшли британиялик собиқ спортчи Жон Гудвин ҳам бор эди. У космосда бўлган энг кекса британияликка айланди.
Бундан ташқари, экипаж таркибида космосга лотерея ютиб олган антигуа ва барбудалик Кейша Шаҳаф ва унинг қизи Анастасия Майерс, шунингдек, Virgin Galactic катта астронавт инструктори Бет Мозес ҳам бор эди.
Бу Virgin Galacticънинг коинотга иккинчи марта парвозидир. Биринчи парвоз 29 июнь куни бўлиб ўтган.
Ўшанда икки учувчи, Италия ҳарбий-ҳаво кучларининг икки ходими, Италия миллий тадқиқот кенгашининг бир муҳандиси ва Virgin Galactic компаниясининг бир ходимидан иборат олти кишилик экипаж космосга чиққан.
Изоҳ (0)