Самарқандда Isuzu юк машинасида Тошкентга олиб кетилаётган 1 тоннадан ортиқ истеъмолга яроқсиз гўшт тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 1 август куни Самарқанд вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи, ЙПХ ходимлари ҳамда Давлат ветеринария хизмати ходимлари томонидан Булунғур туманида жойлашган “Юқори нуқта” ЙПХ масканида Самарқанд—Тошкент йўналишида ҳаракатланиб келаётган Х.Ш. бошқарувидаги Isuzu юз машинаси тўхтатилиб текширилган.
Текширув давомида машина юкхонасида келиб чиқиши номаълум бўлган, ветеринария-санитария талабларига зид равишда бирор-бир ҳужжатларсиз олиб кетилаётган 1 100 кило гўшт маҳсулоти борлиги аниқланган.
Ушбу гўшт маҳсулотларини истеъмолга яроқлилигини текшириш мақсадида Булунғур тумани ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат хавфсизлиги давлат марказига олиб борилиб, намуналар олиб текширилганда истеъмолга яроқсизлиги маълум бўлган.
Яроқсиз гўшт маҳсулотлари тегишли тартибда йўқ қилинган. Ҳозирда ҳайдовчига нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)