Ўзбекистон мутахассисларини Япония саноат корхоналарида ишга жойлаштиришда кўмаклашилади, деб хабар бермоқда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати.
Унга кўра, бош вазир ўринбосари бошчилигидаги делегациядан иборат ишчи гуруҳ JICA’нинг Токиодаги бош офисида учрашув ўтказди. Музокаралар давомида Японияда ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун япон тили ўқув курсларини кескин ошириш эҳтиёжидан келиб чиқиб, япон тили мутахассисларини Ўзбекистонга жалб этиш ҳамда ўқитиш жараёнларини замонавий ўқув услубларда олиб бориш масалалари муҳокама этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда JICA ташаббуси билан “Японияда бандлик имкониятларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистоннинг саноат соҳасида кадрлар салоҳиятини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича битим имзоланди. Мазкур лойиҳа 3 йилга мўлжалланган бўлиб, унга кўра:
- ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг барча тоифаларига (юқори малакали мутахассис (HSP), муҳандис/гуманитар фанлар/халқаро хизматлар (ESI), талаба, малакали саноат ишчиси (SSV) ва техник стажёр (ТIT) Японияда ишга жойлаштиришда кўмаклашиш;
- Японияда қишлоқ хўжалиги, кексаларни парваришлаш, меҳмонхона хўжалиги, умумий овқатланиш соҳаларида ишлаш тартиб қоидалари тўғрисида маълумотларни акс эттирувчи веб-портал жорий қилиш. Унда Япониядаги потенсиал иш берувчилар учун Ўзбекистоннинг меҳнат салоҳияти, фуқароларни меҳнат миграциясига ташкилий, қонуний ва хавфсиз жўнатиш учун яратилган тизим ҳақида маълумотлар жойлаштирилади;
- япон тили ва касбга ўқитиш курсларини замонавий услубий қўлланмалар билан жиҳозлашга кўмаклашилади.
Изоҳ (0)