Андижон вилоятида тадбиркорнинг электр қарздорлигини йўқ қилиб бериш эвазига пул сўраган шахслар қўлга олинди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департамент ҳамда ДХХнинг Андижон вилояти бошқармалари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган А.Ш. ва О.Ў. “И.Ч.” хусусий корхонаси иш бошқарувчиси М.А.га ишлаб чиқариш цехидаги электр ҳисоблаш ускунаси носоз ишлаётганини, бунинг оқибатида 56 миллион сўмлик электр энергияси қарздорлиги ҳисобланмай қолганини айтиб, ушбу қарздорликни йўқ қилиб беришлари эвазига 15 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бир неча кун олдин Андижон вилояти ва Тошкент шаҳрида газ, электр ҳамда сув таъминоти ходимларининг фирибгарлик ҳолатлари фош этилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Бухорода 165 млн сўмлик кредит маблағларини ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган ҳоким ёрдамчиси аниқланган эди.
Изоҳ (0)