Фарғона вилоятида минг тупдан зиёд дарахтни кесган мансабдорлар табиатга 4,6 миллиард сўм зарар етказгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, ҳолат Бош прокуратура томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда Фарғона вилояти ҳудудида олиб борилган ўрганишда аниқланган. Норин—Фарғона ирригация тизимидаги Катта Андижон канали қирғоғида ўсиб турган 1 213 туп дарахт жорий йилнинг январь—февраль ойларида “Бағдодмахсуссувпудрат” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқалар томонидан қасддан кесиб ташланиб, ўсимлик дунёсига 4,6 миллиард сўм зарар етказилгани маълум бўлган.
Ҳолат юзасидан Фарғона вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ички ишлар органи томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. Бош прокуратура томонидан мазкур жиноят иши тергови устидан назорат ўрнатилган.
Изоҳ (0)