Украина президенти Владимир Зеленский НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан телефон орқали суҳбатда Украина—НАТО кенгашини зудлик билан чақиришни сўради. Ушбу тузилма июль ойида Шимолий Атлантика альянси саммитида яратилган эди.
“Мен Йенсга инқироз бўйича тегишли маслаҳатлашувлар учун ушбу кенгашни зудлик билан чақириш таклифи билан мурожаат қилдим. Бу учрашув яқин кунларда бўлиб ўтади. Биз Қора денгиздаги хавфсизлик бўйича инқирозини енга оламиз”, — деди Зеленский видеомурожаатда.
Украина президенти аввалроқ Столтенберг билан Қора денгиздаги дон йўлагини блокдан чиқариш учун зарур чораларни муҳокама қилганини айтган эди. Шунингдек, улар Қора денгиздаги мавжуд вазият ва унинг глобал озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солаётгани ҳақида ҳам фикр алмашдилар.
12 июль куни бўлиб ўтган НАТО саммитида Украина—НАТО кенгаши тузилди. Илгари бундай орган фақат Россия билан мавжуд эди, Украина билан НАТО фақат қўшма комиссияга эга эди. Комиссия мажлисини чақириш иттифоқнинг исталган давлати томонидан блокланиши мумкин эди. Кенгаш чақирувини эса блоклаб бўлмайди.
Изоҳ (0)