Қашқадарёда 2532 та тожик кавраги ўсимлигига зарар етказилгани аниқланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат Деҳқонобод туманида Экология бўлими ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган тезкор рейд давомида аниқланган. Рейд давомида тадбиркорлик субъекти томонидан “Торқопчиғой” массиви ўрмон хўжалиги ҳудудида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 2532 та тожик кавраги ўсимлигига зарар етказилгани, илдизи кавланиб, кесилгани аниқланган.
Ҳолат натижасида ўсимлик дунёсига жами 1 миллиард 253 минг сўм зарар етказилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар тўпланиб, прокуратурага юборилган.
Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманида бундай ҳолат 16 июль куни ҳам қайд этилганди: 753 туп тожик кавраги ўсимлиги илдиз қисмлари кавланиб, кесилгани аниқланган. Оқибатда ўсимлик дунёсига 372 миллион 735 минг сўм зарар етказилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган тожик кавраги ўсимлигига 2023 йилдан бошлаб 3 йилга мораторий жорий этилган.
Изоҳ (0)