Тошкент шаҳри бўйлаб ҳаракатланадиган 32 та йўналишдаги автобусларда "кунлик план" бекор қилинди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, президентнинг 2023 йил 16 февралдаги қарорига асосан Тошкент шаҳридаги мунтазам автобус йўналишларида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизимига босқичма-босқич ўтказиш белгиланган.
Шу муносабат билан, июль ойидан бошлаб, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ таркибидаги автобус саройлари томонидан хизмат кўрсатилаётган 17т, 20, 73, 86, 98, 101, 146, 140 130,129, 116, 82, 68, 63, 61, 55, 52, 45, 43, 41, 39, 9т, 8, 125, 151, 133, 138, 153, 154, 181, 183, 104-сонли автобус йўналишларида хизмат кўрсатиш янги турдаги брутто-шартнома асосида амалга оширила бошлагани маълум қилинди.
Автобусларда “кунлик планлар”нинг бекор бўлиши
Тошкентда 5 май кунидан бошлаб, 5, 11, 18, 19, 37, 44, 67, 77, 83, 136, 139, 142, 72 ва 81-сонли пойтахт бўйлаб ҳаракатланувчи автобус йўналишларида хизмат кўрсатиш янги турдаги брутто-шартнома асосида ташкил этилган.
Брутто-шартномалар — бу йўловчи ташишни ташкил этиш модели бўлиб, унда барча тушумлар шаҳар бюджетининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади ва шаҳар маъмурияти йўловчи ташувчига йўналишлар бўйича тўловларни бажарилган иш ҳажмидан келиб чиқиб, сифат назорати остида ўтказиб беради.
Қулай тарифлар
Мазкур қарор билан жамоат транспортидан фойдаланишда йўловчилар учун қулай тарифларни жорий этиш белгиланган. Гап бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул тарифлар қўлланиши ҳақида кетмоқда.
Бундан ташқари, йўналишли йўловчи транспортидан фойдаланишда, унинг туридан қатъи назар, кунлик, бир, уч ва олти ойлик, йиллик чекланган ва чекланмаган тариф режалари жорий этилиши кутилмоқда. Йўналишларда йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимидан фойдаланишни рағбатлантирувчи тарифлар белгиланади.
Изоҳ (0)