Ўзбекистоннинг расмий захира активлари июнь ойида 649 миллион долларга камайиб, 2023 йил 1 июль ҳолатига кўра, 33 миллиард 720 миллион долларни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.
Захиралар кетма-кет учинчи ой камаймоқда — майда расмий захира активлари 837,9 миллион долларга камайганди.
Маълум қилинишича, мамлакатдаги олтин захираси 137 миллион долларга камайиб, 23 миллиард 87 миллион долларни ташкил этмоқда. Қимматбаҳо металлнинг ҳажми эса 0,2 миллион трой унсияга (6,22 тонна) ортиб, 12,1 миллион трой унсиясини (тахминан 376,31 тонна) ташкил этди.
Ўзбекистон ўтган январь–апрель ойларида 3 миллиард доллардан ортиқ олтин экспорт қилган. Апрель ойида Ўзбекистон олтин экспортини 650 миллион долларгача қисқартирди. Хорижга қимматбаҳо металл етказиб беришнинг умумий ҳажми 3,06 миллиард долларни ташкил этди.
Олтин захиралари нима учун керак?
Оддий тил билан айтганда, бу суғурта, давлатнинг “хавфсизлик ёстиғи”. Захиралар дунёнинг деярли барча мамлакатларида фавқулодда вазиятлар учун мавжуд.
Захиралар, одатда, юқори ликвидли яъни тез сотиладиган активларда сақланади. Олтин ва хорижий валюта ушбу талабларга жавоб беради — улардан исталган вақтда қарз тўлаш ёки инвестициялар учун фойдаланиш мумкин.
2017 йилгача Ўзбекистон захиралари тўғрисидаги маълумотлар жамоатчиликка эълон қилинмас эди. Ўша йилнинг ноябрь ойида захиралар 26 миллиардни ташкил этиши маълум бўлган.
Изоҳ (0)